Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Суҳбат аввалида Шавкат Мирзиёев Қозоғистон раҳбарини мамлакат тарихида илк бор бир палатали Қурултойга сайлов муваффақиятли ўтказилгани билан самимий табриклади.
Янги Қурултой Қозоғистондаги изчил ислоҳотларни янада илгари суриш, кенг кўламли ўзгаришларни қонунчилик жиҳатидан самарали таъминлаш ва мамлакатнинг барқарор ривожланишига янги суръат бағишлашига ишонч билдирилди.
Мулоқотда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари жадал ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.
Томонлар ўзаро савдо ҳажмини янада ошириш, саноат кооперациясини ривожлантириш, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, транспорт-логистика алоқаларини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.
Шунингдек, икки мамлакат ҳудудлари ўртасида ишбилармонлик алоқаларини фаоллаштириш учун янги имкониятлар яратиш муҳимлиги таъкидланди.






