Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи якунланди
Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи якунланди. Ташриф доирасида Тошкент ва Бухорода қатор муҳим тадбирлар ўтказилди.
23 август куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Кўксарой қароргоҳида тор доирада учрашув ҳамда Олий давлатлараро кенгашнинг учинчи йиғилишини ўтказди. Томонлар стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.
Музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев Абадий дўстлик тўғрисидаги шартномани, шунингдек, Олий давлатлараро кенгаш учинчи йиғилишининг қарорини имзолади. Ташриф доирасида қатор икки томонлама ҳужжатлар қабул қилиниб, янги қўшма лойиҳаларга старт берилди.
Шу куни икки давлат раҳбарларига мамлакатларнинг олий давлат мукофотлари топширилди. Илҳом Алиев Ўзбекистоннинг “Олий Даражали Дўстлик” ордени билан, Шавкат Мирзиёев эса Озарбайжоннинг “Ҳайдар Алиев” ордени билан тақдирланди.
Ташриф дастури 24 август куни Бухорода давом этди. Илҳом Алиев рафиқаси билан бирга қадимий шаҳарга борди. Уни Бухоро халқаро аэропортида Шавкат Мирзиёев ва рафиқаси кутиб олди.
Давлат раҳбарлари рафиқалари ҳамроҳлигида Сомонийлар мақбараси, Арк қўрғони, Пойи Калон ва Лаби Ҳовуз мажмуалари, шунингдек, Кўкалдош мадрасасини зиёрат қилди. Олий мартабали меҳмонларга Бухоронинг тарихий обидалари, уларнинг меъморий хусусиятлари ва шаҳарнинг маданий аҳамияти ҳақида маълумот берилди.
Шу билан Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи якунланди. Бухоро халқаро аэропортида Озарбайжон Президенти ва рафиқасини Шавкат Мирзиёев ва рафиқаси кузатиб қўйди.
Шавкат Мирзиёев ҳам Бухородаги тадбирлардан сўнг Тошкентга қайтиб келди.






