АсосийЖАМИЯТ

Сариосиё—Термиз йўналишидаги поезддаги ҳолат юзасидан ўрганиш бошланди

Қайд этилишича, дам олиш ва байрам кунларида йўловчилар оқимининг кескин ортиши сабабли айрим қатновларда гавжумлик кузатилиши мумкин.

'Сариосиё—Термиз йўналишидаги поезддаги ҳолат юзасидан ўрганиш бошланди'ning rasmi

Сариосиё—Термиз йўналишида ҳаракатланувчи поездда йўловчилар вагон йўлакларида тўпланиб қолгани акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди. Ҳолат юзасидан масъул мутахассислар томонидан ўрганиш ишлари бошланган. Бу ҳақда "Ўзтемирйўлйўловчи" АЖ матбуот хизмати маълум қилди.

Тарқалган видеода вагонда йўловчилар жуда кўплиги, совитиш тизими ишламаётгани айтилган. Шунингдек, поездда кекса ёшдаги инсонлар, ёш болалар ва чақалоқли аёллар ҳам борлиги қайд этилган.

"Ўзтемирйўлйўловчи" АЖ маълумотига кўра, Сариосиё—Термиз йўналишида қатновни амалга ошираётган шаҳарлараро поезд 4 та йўловчи вагонидан иборат. Ушбу поездда чипталар ўриндиқ рақами кўрсатилмаган ҳолда, яъни жойсиз сотилади.

Йўловчилар амалдаги чипта асосида поездга чиқади ва бўш ўринларга жойлашади. Ҳар бир вагон 81 нафар йўловчини ўтирган ҳолда ташишга мўлжалланган.

Қайд этилишича, дам олиш ва байрам кунларида йўловчилар оқимининг кескин ортиши сабабли айрим қатновларда гавжумлик кузатилиши мумкин.

"Поезд вагонлари йўловчилар учун зарур қулайликлар билан таъминланган. Жумладан, ёз мавсумида совитиш, қиш мавсумида эса иситиш тизимларининг узлуксиз ишлаши таъминланади. Ижтимоий тармоқларда тарқалган ҳолат юзасидан масъул мутахассислар томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Йўловчиларга янада қулай, хавфсиз ва сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида зарур чоралар кўрилади", — дейилади расмий муносабатда.

Матбуот хизмати фуқароларни тасдиқланмаган ёки бир томонлама талқин қилинган маълумотларга эмас, балки расмий ахборот манбаларига таянишга чақирди.

Эслатиб ўтамиз, бундан бир неча кун аввал Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов вилоятдаги транспорт тизими, хусусан, поездлар ва вагонлардаги шароитларни танқид қилган эди.

"Темирйўлда умуман шароит йўқ. Вагонга минган одам Тошкентга боргунча касал бўлиб қоляпти. На совитиш тизими ишлайди, на шароит бор. На билет бор, на вокзалда шароит бор. Сариосиёга қатнайдиган Термиздан шаҳар атрофи поездларига одам ташиб бўлмайди унинг ичида", — деган эди вилоят раҳбари.

Ҳоким шунингдек, транспорт прокуратураси ва масъул идораларнинг вазиятга эътиборсизлигини танқид қилиб, транспорт прокурорини ҳолатга томошабин бўлиб турмасликка чақирган.

    Бошқа янгиликлар

    Сариосиё—Термиз йўналишидаги поезддаги ҳолат юзасидан ўрганиш бошланди - Darakchi.uz