24 январь куни “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони лойиҳаси муҳокамаси бўйича фуқаролардан 518 та изоҳ келиб тушди.
Мазкур ҳужжат мамлакатимизнинг келгуси беш йиллик ислоҳотларининг муҳим платформаси бўлади. Давлатимиз раҳбарининг Фармони лойиҳаси кенг муҳокамалар учун Regulation.Gov.Uz порталида очиқ турибди. Унга исталган киши ўзининг таклиф ва мулоҳазаларини ёзиб қолдириши мумкин.
Сайтдаги статистикага кўра, ҳозирга қадар 43 та таклиф кўриб чиқилган бўлиб, шулардан 18 таси қабул қилинган ва 25 таси рад этилган.
Таъкидлаш жоизки, Порталга нафақат изоҳ қолдириш, балки изоҳингиз кўриб чиқиш учун қабул қилинганлиги ёки нима сабабдан рад этилганлигига шарҳларни ҳам кўриш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, ушбу кунларда Фармон лойиҳасининг муҳокамасига бағишланган Медиа-кунлар ҳам ташкил этилган.






