АсосийJamiyat

​“Олтин қалам”нинг навбатдаги ғолиб ва совриндорлари аниқланди

'​“Олтин қалам”нинг навбатдаги ғолиб ва совриндорлари аниқланди 'ning rasmi

Пойтахтимиздаги “Туркистон” саройида “Олтин қалам” XII Миллий мукофоти учун халқаро танлов ғолиб ва совриндорларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

3 май – Жаҳон матбуоти эркинлиги куни муносабати билан таъсис этилган мазкур халқаро танлов ғолибларини тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик ва идоралар, ижодий ва жамоат ташкилотлари, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди, дея хабар беради ЎзА.

Ўтган йиллар мобайнида танлов доирасида 5 минг 500 дан ортиқ журналистнинг 80 мингга яқин ижодий иши кўриб чиқилди. 237 нафар ҳамкасбимиз мазкур танловнинг ғолиби бўлди. Шу билан бирга, 70 дан ортиқ ижодкор халқаро ташкилотларнинг ваколатхоналари томонидан таъсис этилган мукофотлар билан тақдирланди.

Бу йилги "Олтин қалам" танловида 520 журналист 9 минг 500 га яқин материали билан қатнашди. Телевидение, радио, босма оммавий ахборот воситалари ва интернет-журналистика йўналишлари бўйича ўтказилган ушбу танловда битта бош мукофот, ҳар бир йўналиш бўйича учтадан мукофот ҳамда “Энг яхши фоторепортаж учун” ва “Энг яхши матбуот хизмати” рағбатлантирувчи номинациялари таъсис этилган. Бу йилдан жорий этилган “Чет эллик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали учун” ҳамда “ОАВда китобхонлик маданияти тарғиб қилинган энг яхши материал учун” номинацияси бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.

Танловни ўтказиш, ғолибларни тақдирлаш билан боғлиқ сарф-харажатлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан молиялаштирилди.

Танлов доирасида Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши, Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди каби ташкилотларнинг мукофотлари ҳам топширилди.

БМТнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ахборот маркази, ЕХҲТ, ЮНЕСКО, ЮСАИД лойиҳаси, Германиянинг Халқ университетлари ассоциацияси, Словениянинг "Минтақавий мулоқот", "Softline" компанияси каби халқаро ташкилотларнинг ваколатхоналари, АҚШ ва Хитой Халқ Республикасининг элчихоналари ҳам ўз мукофоти билан қатнашди.

Бош Миллий мукофотга “Тафаккур” журнали таҳририяти сазовор бўлди. Ғолиб жамоа махсус диплом, “Олтин қалам” кўкрак нишони, статуэткаси ва мамлакатимизда белгиланган энг кам иш ҳақининг 200 баробари миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланди.

Ғолиб ва совриндорларга диплом ва совғалар, пул мукофотлари топширилди. Санъат усталари ва ёш ижрочилар иштирокида концерт намойиш этилди.

Ғолибларнинг тўлиқ рўйхати билан бу ерда танишишингиз мумкин.

Бошқа янгиликлар