Ҳаракатланиш учун қулай ва ихчам бўлган шим кийишни истайсизу, аммо қоматингизга мосини танлашда қийналасизми? Ташвишланманг, биз сизга ёрдам берамиз. Бунинг учун эса кўзгу қаршисига турингда, қоматингиз қандай шаклда эканлигини аниқлаштиринг. Сўнгра тавсияларимизни синаб кўришингиз мумкин. Хўш, розимисиз?
НОВЧАДАН КЕЛГАНМАН ДЕЙСИЗМИ?
«Исталган кўринишдаги шимни киёламан» деган хаёлни унутинг. Бордию танлаган шимингиз тор бичимда бўлса, оёқ ва бўй мутаносиблиги бузилади. Сизнинг қоматингизга бўкса қисми торроқ, тиззадан хиёл кенгайган бичимдагилари мос келади. Юбка-шимларга ҳам диққат қилинг.
(-) Бўксадан кенгайиб, сиёҳдон кўринишини эслатувчи шимлар қоматингизга мос тушмайди.
БЎЙИНГИЗ ПАСТ БЎЛСА
Шимнинг олд қисмига узуна бўйлаб туширилган чизиқ оёқларни узунроқ кўрсатади. Демакки, бўй ўлчами паст бўлганлар учун бу энг мақбул таклифдир. Тор бичимда тикилган классик услубдаги шимлар ҳам бўйи паст аёлларга тавсия этилади.
(-) Паст бўйли аёлларга дизайнерлар кенг бичимли, олд қисмида катта тасмаси ёҳуд матосида турли безак ва гуллари бўлган шимларга чалғимасликни тавсия этишади.
«НОК» ҚОМАТЛИ АЁЛЛАР УЧУН
Аҳамият берган бўлсангиз, бўкса қисми кенг аёллар шимнинг бир ўлчам каттасини танлашади. Гўё шу йўл билан шимнинг белдан тиззагача бўлган узунлиги қоматдаги камчиликларни яширадигандай. Эҳ, қанийди шундай бўлса! Бўксангиз ажралиб қолмаслигини истасангиз, тўғри бичимдаги хиёл торроқ шим нусхаларига эътибор беринг. Стрейч ва жинси матосидан тикилганлари ҳам айни муддао.
(-) Оёққа ёпишиб турадиган ласина сифат шимлар ҳамда бел қисми резина тасмасига тикилганларини танламанг.
ТЎЛАЧА ХОНИМЛАР-ЧИ?
Асосий эътибор шимдан ташқари кофтага ҳам қаратилиши лозим. Масалан, оёққа ёпшиб турадиган стрейч матоли шим танладингиз. Агар устки қисмига бўксадан тушиб турувчи кофта ёки туника бўлмаса, қоматингиздаги камчиликларни фош қиласиз, холос. Баҳорги пиджаклар билан шим кийишни ихтиёр этсангиз, марҳамат, классик услубдагиларига диққат қилинг.
(-) Кенг бичимли шимлар ёрдамида вазн муаммосини яширишга уринманг. Аксинча бу қоматингизни тўртбурчак кўринишга келтиради.
«СЕМИРТИРАДИГАН» ХИЛИДАН
Қоматингиз ҳавас қилгудай бўлса ҳам нотўғри танланган шим ранги беш-олти сантиметрларни ҳадя қилиши мумкин. Бундай бўлмаслиги учун қуйидаги шартларни эслаб қолинг:
- ёрқин рангли, қизил, яшил, сариқ шимлар;
- йўл-йўл чизиқли;
- йирик шакл, сурат ва катта безак тошлилари оёқларни тўлароқ кўрсатади.
ОЗДИРАДИРАДИГАНИ ҳАМ БОР!
- Қора, тўқ жигарранг, шоколад ва сиёҳранг матодан тикилган;
- тикка чизиқли;
- майда безакли шимлар оёқларни ихчамроқ кўрсатади.
БУНИ БИЛИШИНГИЗ ЗАРУР!
Тўғри бичимли шимлар – асосан батник, эркакча услубдаги кўйлак ва пиджак билан мос тушади.
Жинси – исталган турдаги кофта ва туникалар билан мослаштириш мумкин. Қоматингиздан кўнглингиз тўлса, баҳор-ёз мавсуми учун жинси шимларнинг очроқ рангини танлайверинг. Аксинча бўлса, мато ранги тўқроғи дуруст.
Калта шимлар – узун бўйли хонимлар учун тавсия этилади. Улар бўй ўлчамини қисқартириш ҳусусиятига эга.
Бел қисми юқори бўлганлари – қорин ва бел соҳасидаги камчиликларни яшириш учун айни муддао. Бу турдаги шимни кийганда тиззадан пастки қисми салгина йиғилиб туриши керак.
Самира тайёрлади.
Манба: «Sug'diyona» газетаси