АсосийSUG'DIYONA

ИСТЕЪМОЛ СОДАСИНИНГ 9 ФОЙДАСИ

'ИСТЕЪМОЛ СОДАСИНИНГ 9 ФОЙДАСИ'ning rasmi

Ҳар қандай беканинг ошхона жавонидан топиш мумкин бўлган истеъмол содаси нафақат пишир-куйдир учун, балки бошқа бир қатор юмушларимизни енгиллатишда ҳам фойдалидир. Унинг рўзғордаги турли мақсадларда қўлланилиши ҳақида қуйида маълумот берамиз.

Олтин сочлар сири

Кутилмаганда якшанба куни эрталабдан бир жойга боришингизга тўғри келиб қолди. Бироқ синглингиз шампунни охирги томчисигача ишлатиб қўйибди. Нима қилай, дея бошни қашламасдан, дарров ошхонага югуринг. Истеъмол содасини сув билан аралаштириб, шампун қуюқлигига келтиринг ва сочларингизга суртинг. Бу аралашма ҳар қандай шампуннинг ўрнини босади. Аммо уни ҳар доим қўллаш мумкин эмас. Фақат янги сотиб олинган шампунга бироз истеъмол содаси қўшиб ишлатсангиз, сочларингиз олтиндек товлана бошлайди. Шунингдек, бу аралашма сочга сепиладиган лак, гелю ва мусларни осон кетказишга ёрдам беради.

Юз учун скраб

Юзингиз майин ва юмшоқ бўлишини истасангиз, истеъмол содасидан тайёрланган скрабдан фойдаланинг. Бунинг учун истеъмол содасини 3:1 миқдорда қайнатиб совитилган сув билан аралаштиринг. Скрабни юз терсига суртиб, 3-5 дақиқа давомида енгилгина уқаланг. Сўнгра илиқ сув билан ювиб, юмшатувчи крем суртинг.

Ари, чивин, бурга ёки бошқа ҳашарот «ғазаб»ига учраганда оз миқдорда истеъмол содасини сув билан аралаштириб, ҳашарот чаққан жойга суртиш фойдали. Бу суртма қичишиш, ачишиш ва яллиғланишдан халос этади. Шунингдек, кесиб олинган бармоқ ёки қўлда йиринг йиғилса, истеъмол содасини иссиқ сувда эритиб, ўн беш дақиқа шу аралашмага солиб туриш керак. Фақат бу усулни бир неча бор такрорлаш керак.

Нохуш ҳиддан қутулиш учун

Баъзан бактерияларнинг «самарали» фаолияти туфайли оғизда тиш эмалини емирувчи кислоталар пайдо бўла бошлайди. Натижада оғиздан нохуш ҳид анқийди. 1 стакан қайнаб совиган сувга 1 ош қошиқ истеъмол содаси солиб, аралаштирилади. Бу аралашма билан оғиз бўшлиғини ҳар куни чайиб туриш лозим.

Истеъмол содасидан тайёрланган ванналар оёқ терлашидан ҳам халос қилади.

Ошхонада кўмакчи

  • Агар харид қилган гўштингиз қаттиқ бўлса, унга истемол содасини суртиб, уч соатга музхонага қўйинг. Сўнг гўштни ювиб, таомга ишлатишингиз мумкин.
  • 1 литр сувга 2 ош қошиқ истеъмол содаси солинг. Кейин балиқ гўштини ушбу сувга солиб, 1-2 соат музлаткичда қўйинг. Сўнг ювиб, егулик тайёрлашингиз мумкин. Бу йўл билан нохуш ҳид ошхонанингизни забт этишининг олдини оласиз.

Эслатма

Ҳомиладор аёллар ёки соғлом турмуш тарзини афзал кўрувчиларга уй ишларида турли кимёвий воситалар ўрнига истеъмол содасидан фойдаланишни тавсия этилади.

Ортиқча вазндан халос этадими?

Иштаҳани бўғиш ва ёғ парчаланиши ёмонлаштириш учун ошқозон кислотаси миқдорини истеъмол содаси ёрдамида ўзгартиришга уриниш саломатлик учун хавфли! Ёдингизда бўлсин, уни давомли равишда кўп миқдорда истеъмол қилиш ҳазм тизими шиллиқ пардасига шикаст етказади, қизилўнгач ва ошқозонда яралар пайдо бўлишига олиб келади.

Пардоз анжомларини тозалайди

Истеъмол содасини сувда эритиб, пардоз анжомларини косметика қолдиқларидан тозалашда фойдаланиш мумкин. Совунбилан ювилгандан кейин мўйқалам учлари қотиб, қуришганини сезгадирсиз, аммо содали эритмада тозаланган мўйқаламлар бир-бирига ёпишиб қолмайди, аксинча янаям момиқлашади. Тароқларни ҳам шундай эритмада ивитиб қўйсангиз, улар янгидек бўлади.

Эҳтиёт бўлинг!

Истеъмол содаси кукуни тери юзасига узоқ вақт давомида суртиб қўйилса, тери шикастланишига, кўз ва нафас олиш тизимига тушганда эса аъзоларнинг куйишга олиб келиши мумкин.

Нотўғри фактлар

Одамлар орасида истеъмол содасили эритма жиғилдон қайнаганда фойда беради, деган қараш бор. Шифокорлар бу қарашни инкор қилади. Чунки истеъмол содаси қорин дам бўлиши ва ошқозонда янада кўпроқ кислота ишлаб чиқарилишига сабабчилиги аниқланган.

Саодат тайёрлади.

Манба: «SUG‘DIYONA» газетаси

Бошқа янгиликлар