1

​ПРЕЗИДЕНТ ЯНГИ ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН МАКТАБ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА ҚАРОР ИМЗОЛАДИ

ЖАМИЯТ 14.09.2017, 22:28
​ПРЕЗИДЕНТ ЯНГИ ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН МАКТАБ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА ҚАРОР ИМЗОЛАДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабни ташкил этиш тўғрисида қарор имзолади.

Мазкур мактабнинг ташкил этилиши даврнинг ана шу даъватига жавоб бера оладиган кадрларни ёшлигиданоқ тайёрлаб бориш, соҳада етук ҳамда замон талабларига жавоб берадиган кадрлар тайёрлашга замин яратади.

Мактабни ташкил этишдан асосий мақсад – улуғ аждодимиз Муҳаммад ал-Хоразмийнинг буюк ва бебаҳо меросини қадрлаш, ўрганиш ва тадқиқ этиш, уни ёш авлод онгига чуқур сингдириш, ўқувчиларга аниқ фанларнинг юксак чўққиларини забт этиш, бошланғич синфлардан бошлаб ўқувчиларнинг ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги иқтидорини аниқлаш ва уларни қобилиятларини рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитлар базасини яратишдан иборатдир.

Ихтисослаштирилган мактабнинг асосий вазифалари этиб –ахборот-коммуникация технологияларини кенг жалб қилган ҳолда математика, физика, информатика ва чет тили фанларини чуқур ўзлаштирилишига эришиш, ўқувчиларни дастурлаш асослари, маълумотлар базасини шакллантириш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўникмаларга эга қилиш, ахборот ва медиа ҳамда интеллектуал маданиятни мактаб давридан бошлаб шакллантиришдан иборатдир.

Шунингдек, мазкур соҳада юқори маҳоратга эга педагогларни ҳамда мутахассисларни жалб қилган ҳолда ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси махсус мактабини яратиш, ёш математиклар, ёш физиклар, ёш дастурчилар, ёш ихтирочилар жамоаларини тузиш, уларнинг республика ва халқаро фан олимпиадаларида мунтазам ва самарали иштирокини таъминлашни ташкил этиш ҳам мактабнинг асосий вазифаларидандир.

Мактаб Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани, Тепамасжид кўчаси, 4-уй манзилида жойлашган Мирзо Улуғбек информатика касб-ҳунар коллежининг биносида жойлашади. Мирзо Улуғбек информатика касб-ҳунар коллежининг 2-3-босқич ўқувчилари Ихтисослаштирилган мактаб биносида ўқишни битиргунларига қадар давом эттиради.

Ихтисослаштирилган мактабга ўқувчилар Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан белгиланадиган квота асосида 5-синфдан бошлаб ёзма ва оғзаки синов натижаларига кўра танлов асосида қабул қилинади.

Қарорни тўлиқ матни ЎзАда келтирилган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1