АсосийJamiyat

​БОРОВСКИЙ КОЛЛЕЖИ ЎҚУВЧИCИНИНГ ЎЛИМИ ЮЗАСИДАН НАВБАТДАГИ ГУВОҲЛАР СЎРОҚ ҚИЛИНДИ

'​БОРОВСКИЙ КОЛЛЕЖИ ЎҚУВЧИCИНИНГ ЎЛИМИ ЮЗАСИДАН НАВБАТДАГИ ГУВОҲЛАР СЎРОҚ ҚИЛИНДИ'ning rasmi

5 октябрь куни Тошкент шаҳар Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида П.Ф.Боровский номидаги тиббиёт коллежининг собиқ талабаси, марҳум Жасурбек Иброҳимов ўлими юзасидан навбатдаги суд эшитуви бўлиб ўтди.

Суд мажлиси аввалида судга раислик қилувчи журналистларда мазкур суд ишида қатнашаётган гувоҳларнинг кўрсатмаларини сўзма-сўз тақдим этмаслик мақсадга мувофиқлигини, бу суд ишиги таъсир қилиши мумкинлигини таъкидлаб ўтди.

5 октябрь кунги суд эшитувида навбатдаги гувоҳлар коллежнинг собиқ ўқувчиси Ҳайитбоев Ҳурмат ҳамда 3-курс талабаси Пўлатов Муҳаммад (Ўлмас)ларнинг кўрсатмалари тингланди.

Суд ишига таъсир кўрсатмаслик мақсадида гувоҳларнинг тўлиқ кўрсатмаларини тақдим этмасликни жоиз топдик.

Ҳайитбоев Ҳурматнинг кўрсатмасидан:

145-мактаб томонга кетар эканмиз, йўл бўйи уларни бу ишдан қайтармоқчи бўлдик. Гаражлар орқасига борганимизда улар бир-бирига ёпишиб кетди... Буларнинг ҳаммаси бир онда содир бўлди, биз тушунмай қолдик. Қандай бўлганини билмайману, Жасур йиқилди унинг устига Ислом орқаси билан йиқилиб тушди. Кейин югуриб бориб Исломни итариб юбордим ва Жасурни тургаздим... Жасур Ислом томонга югуриб борди. Ислом оёғини кўтарди Жасур унинг оёғига қоқилиб кетди. Ҳаммамиз аралашиб ажратишга ҳаракат қилдик. Мен Жасурни қутардим. Жасур “Ака ҳаммаси жойида, уйга бориб ётаман” деди... У доим ҳожатхонага боргиси келаётганини айтди... Улар менга иккиси ҳам бир, фақат Жасурни мактаб вақтидан бери биламан. Жасурни қорнида ҳеч қандай из кўрмадим...

Пўлатов Муҳаммаджон 18 ёшга тўлмаганлиги боис унинг қонуний вакили сифатида онаси қатнашди.

Пўлатов Муҳаммаджон(Ўлмас)нинг кўрсатмасидан:

“3 май куни мен дарсга кеч қолдим... Йўлакдан Ислом билан Бегзод ўтиб кетаёганлигини кўрдим. Исломнинг юзида қизариш ва шишиш борлигини кўрдим. Унинг орқасидан бордим, у ҳаяжонда юзига Жасур урганлигини ва гаплашиб олишга чақираётганлигини айтди. Жасур Исломни кўриб, у томонга юриб келганини кўрдим, у ерда бўлганлардан кимдир уни тўхтатиб қолди. 145-мактабга кетаётганда йўл давомида Жасурни бир неча бор кўндирдик. Жасурнинг ёнига бориб, нима булгани ҳақида сўрадим. Жасур бир кун олдин Дилшод билан суҳбатига аралашиб , касал деб айтганлигини, бу эса унинг нафсониятига текканини айтди. Кейин гапини охирига етказмай, олдинга юриб кетди. Гаражлар орасига кириб бориб, улар электроподстанция орқасига ўтди Жасур Исломнинг юзига қўли билан зарба берди. Исломдан қандайдир товуш чиқди, қарасам улар ерга йиқилаётганди. Жасур Исломни бўғаётганини кўрдим ва уларни ажратмоқчи бўлдим. Байзитов Темур мени ушлаб қолди. 3-курсдаги Ҳурмат Жасур билан Исломни тургазди. Ислом устини қоқиб кетишни бошлади. Жасур унга қараб югурди, Ислом буни кўриб қўл ва оёгини кўтариб ўзини ҳимоя қилди.

Гувоҳ Пўлатовга, Ислом кетаётганида ким у томонга бақириб Жасур югураётгани ҳақида огоҳлантирди деган саволга Ўлмас дарҳол жавоб бера олмади. Суд залидан судланувчининг онаси унга Ўлмаснинг ўзи бақирганини паст овозда “ёрдам” қилиб айтди. Сабаби судланувчи ўз кўрсатмасида айнан Ўлмас уни огоҳлантиргани ҳақида маълум қилганди. Судья мазкур ҳолат юзасидан айбланувчининг онасига огоҳлантириш берди (таҳ.).

Сўнг Ўлмас, ўзини нима деганини эслолмаслигини, лекин ўзи Исломни огоҳлантирганини айтди.

Суд давомида барчанинг нима сабабда ушбу ҳолатга аралашганликлари сўралганида, гувоҳларнинг барчалари ушбу жанжални олдини олиш мақсадлари бўлганлигини таъкидлаб туришди.

5 октябрь кунги суд мажлисидан эътиборан судланувчи Тўлагановга яна бир адвокат қўшилди.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан ўтказилган тергов натижаларига кўра, Тўлаганов И. Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 104-моддаси 3-қисми «д» банди (жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш) аломатларини содир этганликда айбланмоқда.

Навбатдаги суд мажлиси 6 октябрь куни бўлиб ўтади.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар