Оила-аъзоларини ҳар куни турли янгича рецепт билан хушнуд этишга одатланган актриса, “Шуҳрат” медали соҳибаси Наргиза АБДУЛЛАЕВА "Даракчи" газетасининг "Ўзбегим ошхонасига" лойиҳаси қаҳрамони сифатида сиз мухлисларга ажойиб салат рецептини тақдим этади. “Палете” ресторани ошпази Фотима Қосимова актрисанинг маҳоратини муносиб баҳолади...
Зарур масаллиқлар:
- 100 гр. молнинг тили,
- 1 та помидор,
- 1 та қизил сабзи,
- 1 та қизил пиёз,
- 1 та бодринг,
- Ярим боғ салат барги,
- 100 гр. майонез.
Блинчик ҳамири учун зарур масаллиқлар:
- 1 ст. сут,
- 1 та тухум,
- 1 ош қошиқ шакар,
- Ярим чой қошиқ туз,
- Ярим ст. ун,
- 70 гр. ўсимлик ёғи,
- Бир чимдим юмшатгич (разрыхлитель) ёки истеъмол содаси,
- 1 та қизил лавлаги.
Блинчикнинг тайёрланиши:
1-жараён:
1 та тухум кўпиртирилади, шакар ва туз солиб эригунча аталанади.
Устига сут солиб аралаштирасиз, кейин ун қўшиб миксерлайсиз.
Масаллиққа юмшатгич ва ўсимлик ёғи қуйиб, аралаштирасиз. Қизил рангли блинчик пишириш учун лавлагининг сувидан ҳам солишни унутманг.
Ўртача суюқликдаги хамир 15-20 дақиқа тиндирилади.
Ва одатдагидек товада пишириб оласиз.
Блинчикларнинг ўлчами бир хил бўлиши учун коса ё ликопча ёрдамида четлари кесилади.
2-жараён:
Молнинг тили, бодринг, пиёзни сомонча шаклида, помидор эса ярим ой шаклида тўғралади.
Блинчикнинг кесиб олинган четлари ҳам сомонча қилиб қўшилади.
Кейин майонез, туз, мурч билан аралаштирилади.
3-жараён:
Узун-узун юпқа сомонча қилиб тўғралган сабзи майдаланган салат барги, лимон суви билан аралаштирилади.
4-жараён:
Текис ликопчакага битта блинчик қўйиб, бир хил қалинликда салатни соласиз.
Устига иккинчи блинчикни ёпасиз. Кейин ўзгача таъм ва безак учун сабзили аралашмани соласиз.
Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА тайёрлади. Фотомухбир: Ислом РЎЗИЕВ