АсосийJamiyat

ҚУЙИЧИРЧИҚДА 37 ТА ФЕРМЕР ХЎЖАЛИГИНИНГ СОЛИҚ ҚАРЗДОРЛИГИ ФОШ БЎЛДИ

'ҚУЙИЧИРЧИҚДА 37 ТА ФЕРМЕР ХЎЖАЛИГИНИНГ СОЛИҚ ҚАРЗДОРЛИГИ ФОШ БЎЛДИ'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 февралдаги “Ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи орган ёки муассасаларнинг мансабдор шахслари томонидан чиқариладиган расмий огоҳлантириш шаклини ҳамда уни чиқариш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори ижроси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган “Давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиққа оид ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш тартиби тўғрисида йўриқнома”да белгилаб берилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда, юридик ва жисмоний шахслар томонидан ҳуқуқбузарликка йўл қўйилишининг олдини олиш мақсадида профилактик суҳбатлар ўтказиш ҳамда расмий огоҳлантириш хатлари бериш амалиёти йўлга қўйилди.

Масалан, биргина Қуйичирчиқ тумани давлат солиқ инспекцияси ходимлари томонидан сўнгги икки ой давомида 386 та субект иштирокида солиқ мажбуриятини бажариш билан боғлиқ профилактик суҳбатлар ўтказилиб, аниқланган ҳуқуқбузарликларга нисбатан расмий огоҳлантиришлар берилди. Аммо олиб борилаётган тадбирларга қарамасдан белгиланган тартибдаги солиқ ва тўловларни ўз вақтида тўламай келаётган тадбиркорлик субектларига нисбатан жиддий чоралар кўришга ҳам тўғри келмоқда.

Хусусан, туманда 37 та фермер хўжалигининг 923,7 миллион сўм миқдоридаги солиқ қарзи ҳисобидан мол-мулкни хатлаш тадбирлари ўтказилиб, улардан 17 тасининг 104,5 миллион сўм миқдоридаги солиқ қарзи давлат бюджетига ундирилди.

– Фермерлар қишлоқ хўжалиги тармоғининг муҳим бўғини сифатида мамлакат иқтисодий тараққиётида фаол иштирок этмоқда. Давлатимиз томонидан уларни янада ривожлантириш юзасидан барча имкониятлар яратиб берилмоқда, – дейди Қуйичирчиқ тумани давлат солиқ инспекцияси бўлим бошлиғи Д.Ортиқбоев. – Лекин, солиқларни тўлашдан бўйин товлашга, давлат ва маҳаллий бюджетга зарар келтиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 120-моддасида солиқ тўловининг белгиланган муддати ўтказиб юборилса, пеня ҳисобланиши, солиқ қарзи мажбурий тартибда суд ҳужжатлари асосида давлат ижрочилари томонидан ундириб олиниши белгилаб қўйилган. Текширишлар давомида солиқларни ўз вақтида тўламаган фермерларга нисбатан ана шундай чорани қўллашга ҳам сабаб бўлмоқда.

Дарҳақиқат, туманда ўтказилган тадбирлар давомида “Беруний” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган “Мамат” фермер хўжалигидан 9 миллион, “Матқаюм” фермер хўжалигидан эса 10 миллион сўм миқдоридаги солиқ қарзи давлат бюджетига ундирилди. Бундан ташқари, Мажбурий ижро бюроси ходимлари томонидан 584,5 миллион сўм солиқ қарзи мавжуд бўлган 20 нафар фермернинг мол-мулки, жумладан, транспорт воситалари, қишлоқ хўжалик техникалари хатланди.

Шунингдек, қарздорлигини сўндирмай келаётган “Қаҳрамон Бегали” ва “Ғофур” фермер хўжаликларининг “Лада”, “Дамас” русумли автомобили, “Бозоров Бахтиёр” ва “Гулҳаё агро файз” фермер хўжаликларига тегишли бўлган “МТЗ-80” трактори хатловдан ўтказилди.

Қонун ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан белгиланган тартиб ва қоидалар барчага баробар. Шундай экан, юқоридаги ҳолатлар барчага сабоқ бўлиши лозим.

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар