АсосийJamiyat

2017 ЙИЛНИНГ 9 ОЙИДА ​ДАРОМАДЛАР ҚАНЧА БЎЛДИ, ХАРАЖАТЛАР-ЧИ?

'2017 ЙИЛНИНГ 9 ОЙИДА ​ДАРОМАДЛАР ҚАНЧА БЎЛДИ, ХАРАЖАТЛАР-ЧИ?'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган “Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2017 йилнинг тўққиз ойлигидаги ижроси тўғрисида”ги ҳисобот, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида дастлабки тарзда атрофлича кўриб чиқилди.

Фракция аъзолари ҳисоботни муҳокама қилар эканлар, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширилган ишлар, хусусан Давлат дастури доирасида қариялар ва ногиронлар санаториялари ҳамда интернат уйлари учун 65 млрд. сўм, ногиронлар реабилитация марказларига 14,2 млрд. сўм ажратилганлиги ва ушбу маблағларнинг самараси сифатида 85 мингдан ортиқ фуқароларга ижтимоий хизматлар кўрсатилганлигини алоҳида эътироф этдилар.

Ўз навбатида, давлат бюджетининг даромадлари 35 589,5 млрд. сўмни, харажатлари эса 35 400,4 млрд. сўмни, яъни ялпи ички маҳсулотга нисбатан 20,8 фоизни ташкил қилди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2017 йил 9 ойлиги ижроси муҳокамасида партия дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, фракция аъзолари томонидан муҳокамалар давомида бир қатор савол ва таклифлар берилди. Хусусан, “Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2017 йилни ярим йиллик ижроси тўғрисида”ги ҳисоботига кўра, ёлғиз кекса, пенсионер ва ногиронлар учун 1625 та ногиронлар аравачаси, 303 та эшитиш мосламаси, 1167 та хасса ва 820 жуфт қўлтиқ-таёқлар етказилганлиги ҳақида маълумот берилган эди. Фракция аъзоларининг ҳудудлардаги фаолияти жараёнида ногиронлар аравачасининг сифатсизлиги ёки эшитиш мосламаларининг алоҳида ёшларга мўлжалланмагани ҳақида эътирозлар бўлди. Шундан келиб чиқиб, фракция аъзолари Давлат бюджетидан ажратилаётган маблағлар сифатсиз маҳсулотлар ҳарид қилишга сарфланишининг олдини олиш ва назорат қилиш борасида кўрилаётган чоралар билан қизиқдилар.

Шунингдек, Давлат бюджетининг ижроси юзасидан берилаётган ҳисоботда режа ва ижро бўйича амалга оширилган ишларни аниқ фактлар асосида келтириш таклиф этилди.

Конструктив руҳда ўтган қизғин муҳокамалардан сўнг, Ўзбекистон ХДП фракцияси томонидан “Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2017 йилнинг тўққиз ойлигидаги ижроси тўғрисида”ги ҳисобот тўлиқ қўллаб-қувватланди.

    Бошқа янгиликлар