АсосийJamiyat

ЯНГИ АГЕНТЛИК ТАШКИЛ ЭТИЛИБ, “ЎЗФАРМСАНОАТ” КОНЦЕРНИ ТУГАТИЛДИ

'ЯНГИ АГЕНТЛИК ТАШКИЛ ЭТИЛИБ, “ЎЗФАРМСАНОАТ” КОНЦЕРНИ ТУГАТИЛДИ'ning rasmi

ЯНГИ АГЕНТЛИК ТАШКИЛ ЭТИЛИБ, “ЎЗФАРМСАНОАТ” КОНЦЕРНИ ТУГАТИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 7 ноябрь куни "Фармацевтика тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонга имзо чекди.

Ҳужжатга мувофиқ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ташкил этилди.

Ушбу Агентлик зиммасига фармацевтика тармоғини барқарор ривожлантириш стратегиясини, шу жумладан давлат-хусусий шерикликни жорий этиш йўли билан ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, фармацевтика корхоналари ва ташкилотларининг фаолиятини мувофиқлаштириш, аҳоли ва давлат соғлиқни сақлаш муассасаларини дори воситалари, тиббиёт буюмлари ҳамда тиббиёт техникалари билан таъминлаш дастурларини амалга ошириш бўйича вазифалар юклатилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва тиббиёт техникалари экспертизаси ва стандартизацияси давлат маркази, Ўзбек кимё-фармацевтика илмий-тадқиқот институти, Тошкент вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институти, “Шарқ табобати” илмий-тадқиқот институти Агентликнинг тасарруфига ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “O‘zmedeksport” давлат корхонаси “O‘zmedimpeks” давлат унитар корхонаси этиб қайта номланиб, Агентликнинг тасарруфига ўтказилди. Бунда “O‘zmedimpeks” Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланадиган рўйхат бўйича ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг ягона етказиб берувчиси этиб белгиланди, шунингдек, уларни сақлаш, қайта ишлаш ва етказиб бериш бўйича агенти ҳисобланади.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ташкил этилгани муносабати билан “Ўзфармсаноат” концерни тугатилмоқда.

    Бошқа янгиликлар