7-ОИЛАВИЙ ПОЛИКЛИНИКАДА ТИББИЙ-ИЖТИМОИЙ АКЦИЯ БЎЛИБ ЎТДИ
Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги 7-оилавий поликлиникада тиббий-ижтимоий акция бўлиб ўтди. Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги томонидан ташкил этилган акция доирасида кам таъминланган оилаларнинг 185 нафар фарзанди гепатит А га қарши эмланди.
Юқумли касалликларнинг олдини олишнинг замонавий тизими эпидемиологик барқарорликни таъминлаш ҳамда инсон саломатлигини сақлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
– Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини юксалтириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, – дейди Мирзо Улуғбек тумани тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Севара Ҳусанова. – Эмлаш ишларига мингга яқин бола қамраб олинади. Бунинг учун тумандаги олтита поликлиниканинг 152 нафар шифокори ва 304 нафар ҳамшираси жалб этилади.
"Саломатлик-3" лойиҳаси доирасида тумандаги барча поликлиникалар замонавий ускуналар, жумладан, рақамли ультратовуш ташхиси, дистилляторлар билан жиҳозланди. Натижада ташхис қўйиш сифати яхшиланди, бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш самарадорлиги ошди. Поликлиникаларда 260 мингдан ортиқ аҳолига хизмат кўрсатилади. Улардан 71 минг нафари 18 ёшгача бўлган болалардир.
Шифокорлар профилактик чора-тадбирларни ташкил қилишда маҳаллалар билан мунтазам ҳамкорлик қилмоқда. Айниқса, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, касалликларни эрта аниқлаш ва даволашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тушунтириш ишлари натижасида эрта турмуш ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳлар сони камайди. Шифокорлар кексаларнинг соғлиғини мунтазам равишда назорат қилади.
Соҳа ходимларининг муваффақиятли фаолияти ҳамда тиббиёт муассасаларида яратилган замонавий шароитлар аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш, юқумли касалликлар бўйича барқарор вазиятни сақлаш ва болалар ўртасидаги касалликларни қисқартиришга хизмат қилмоқда.






