ТОШКЕНТДАГИ ИНҲА УНИВЕРСИТЕТИ ВА АВСТРАЛИЯНИНГ КЁРТИН УНИВЕРСИТЕТИ ЎЗАРО АНГЛАШУВ МЕМОРАНДУМИНИ ИМЗОЛАШДИ
Тошкентдаги Инҳа университети ва Австралиянинг Кёртин университети ўртасида ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида биргаликда тадқиқотлар олиб бориш ва университетлар ўқитувчилари ўртасида тажриба алмашишни кўзда тутувчи ўзаро англашув меморандумиимзоланди.
Имзоланган ҳужжат доирасида ахборот-коммуникация технологияларининг турли йўналишлари бўйича ҳамкорликдаги тадқиқотларни амалга ошириш, тренинглар ташкил этиш, таълимга оид лойиҳалар ишлаб чиқиш кўзда тутилган. Шунингдек, томонлар таълим олиш, тажриба алмашиш учун талаба ва ўқитувчилар алмашинувини йўлга қўйишни режалаштирмоқда.
Хусусун, ўзбекистонлик талабалар магистратура ва докторантура босқичини Кёртин университетида ўқиш имкониятига эга бўлади. Илк қўшма дастурлардан бири магистратурада "1+1" схемаси бўйича ўқитиш бўлиб, унинг доирасида талабалар бир йил мобайнида Тошкентдаги Инҳа университетида, бир йил Кёртин университетида таълим олади. Тажриба ва педагогик технологияларнинг янада самарали алмашинувини йўлга қўйиш мақсадида юртимиз талабалари билан машғулотлар олиб бориш учун австралиялик ўқитувчиларни таклиф этиш режалаштирилмоқда.
Кёртин университети Австралиянинг етакчи олий ўқув юртларидан бири бўлиб, унда 60 мингга яқин талаба таълим олади, уларнинг қарийб 40 фоизи хорижлик талабалардир. Университет таълим бериш сифати, шунингдек, лаборатория хоналарида ўтказиладиган илмий-тадқиқот ишлари билан машҳур.






