Шавкат Мирзиёев: Бу ерда ҳақиқий истеъдодлар тарбияланади

ЖАМИЯТ 30.01.2018, 09:18
Шавкат Мирзиёев: Бу ерда ҳақиқий истеъдодлар тарбияланади

Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси. Қалбларни ғурурга тўлдирувчи, юракларни ҳаяжонга солгувчи мамлакатнинг бош қўшиғи. Уни ҳар сафар тинглаганимизда кўнглимизни шу юртнинг фарзанди эканликдан фахрланиш туйғулари қамраб олади.

Шу ҳаяжонни ўзининг истеъдоди билан дилларга сингдирган, Она Ватанга муҳаббатнинг сўзлар орқали ифодасини топган Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов шеърлари кириб бормаган хонадон йўқ.

2017 йил февраль ойида Президентимиз Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида Қарши шаҳрида Абдулла Орипов ҳайкалини яратиш лойиҳаси билан танишар экан, лойиҳани такомиллаштириш, бу ерда Абдулла Орипов номидаги мактаб ва унинг ижодига бағишланган музей ташкил этиш зарурлигини таъкидлаган эди.

Орадан қарийб бир йил ўтди. 29 январь куни давлатимиз раҳбари мазкур лойиҳа ижроси билан танишди.

Такомиллаштирилган лойиҳа асосида бу ерда Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов номидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернати барпо этилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 24 майдаги «Қарши шаҳрида Абдулла Орипов номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернатини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори асосида бунёд этилган илм даргоҳи олдида Қаҳрамон шоиримизнинг ҳайкали қад ростлади. Ҳайкал орқасидаги деворга шоирнинг шеърларидан намуналар битилди.

Мактабнинг биринчи қаватида Абдулла Орипов музейи ташкил этилди. Музейга шоирнинг буюмлари, унга қилинган турли совғалар жойлаштирилди.

Мактаб 150 ўринга мўлжалланган бўлиб, 50 ўринли ётоқхона, 50 ўринли ошхона, 200 ўринли фаоллар залига эга. Мактабга ўқувчилар бешинчи синфдан танлов асосида қабул қилинади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев мактаб фаолияти билан танишди. Музей, ўқув хоналарида бўлди, мактаб ўқувчилари билан суҳбатлашди.

Мактаб ўқувчилари Ибройим Юсупов, Муҳаммад Юсуф, Хамид Олимжон ва Зулфия номидаги мактаблар ўқувчилари билан онлайн боғланиб, мушоира ўтказди.

Ўқувчилар Абдулла Орипов шеърлари ва ўзлари ёзган шерлардан намуналар ўқиб берди.

Давлатимиз раҳбари уларга Абдулла Ориповдек буюк шоир номига муносиб фарзандлар бўлиб камол топиш, ўз истеъдодлари билан жаҳонга машхур инсонлар бўлиб етишиш тилакларини билдирди.

Президентимиз бир гуруҳ ўқувчиларга совғалар топширди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1