Японияда рекорд даражадаги қор ёғиши туфайли етти киши ҳалок бўлди, яна 64 нафари турли даражада тана жарохатлари олди, деб хабар берди Ria.ru нашри.
Фукуи префектурасида беш киши халок бўлган, улардан уч нафари ўз машиналари ичида , қор машина газ чикариш қувурини ёпиб қўйгани сабабли заҳарли газдан ҳалок бўлган. Бир киши қор тозалаш машинаси ичида ўлик ҳолда топилган, ўлим сабаби аниқланмоқда.
Ниигата префектурасида кекса инсон жасади топилди. Тахминларга кўра, у қор остида бўлган оқар ариқни пайқамаган ва йиқилиб тушган. Яна бир киши Фукуока префектурасида халок бўлган. У мотоциклида почта ташиётганида бошқарувни йўқотиб юк машинасига урилган.
Жароҳатларнинг кўпи қор тозалаш пайтида томдан қулаб тушиш билан боғлиқдир.
Метеорологларнинг малумотларига кўра, Фукуи префектурасининг бир қатор туманларида қор қатлами 2,5 метрдан баланд, Ниигатада эса 1 метрдан ортиқдир. Ўтган ҳафта давомида ёғган ва дам олиш кунлари тинган қор ёғиши, сешанба куни қайта бошланиши мумкин. Метеорологлар суткасига 60-70 сантиметр қор ёғиши мумкинлигини башорат қилмоқда.






