АҚШнинг Флорида штатидаги Паркленд шаҳрида кеча 14 февраль куни 17 киши отиб ўлдирилди, 50 нафарга яқин одам яраланди, деб хабар берди Tengrinews.kz нашри.
Отишма оқибатида катталар ҳам, болалар ҳам жабрланган. 12 киши мактаб ичида отиб ташланган. 3 киши кўчада, яна 2 киши касалхонада ҳалок бўлган. Яна 3 нафар одам оғир аҳволда касалхонада ётибди.
Полиция берган маълумотга кўра, мазкур мактабнинг собиқ ўқувчиси 19 ёшли Николас Круз (Nikolaus Cruz) одамларни ўққа тутган. У ўтган йили “қониқарсиз” хулқи туфайли мактабдан четлаштирилган. Уни “бошқалар учун хавф туғдирувчи ўқувчи” сифатида кўришган. Николас ярим автомат AR-15 винтовкаси билан қуролланиб, мактабга келган ва йўлида дуч келган одамни отиб ташлайверган.
Кўпроқ одам ўлдириш мақсадида ёнғин тревогаси тугмасини босган, саросимада коридорга югуриб чиққан ўқувчиларга қарата ўқ узган. Отишма вақтида аксарият ўқувчилар синф хоналарига беркиниб олишган, баъзилари эса қочишга ҳаракат қилган. Воқеа жойига етиб келган полициячилар Николас Крузни тириклай қўлга олга олишга муваффақ бўлди. У айни пайтда қамоқда сақланмоқда.






