Ўзбекистон Республикаси собиқ бош прокурори Р.Қодировга нисбатан Бош прокуратура томонидан қўзғатилган жиноят иши бўйича Бош прокурорнинг собиқ ўринбосарлари ҳамда Тошкент вилоятининг собиқ прокурорлари Ж.Файзиев ва У.Суннатов ушланган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати расмий хабар берди.
«Интернет тармоғида Ўзбекистон Республикаси собиқ бош прокурори Р. Қодировга нисбатан қўзғатилган жиноят иши ҳақида кўплаб тарқатилаётган ахборотлар фойдаланувчиларда тергов тафсилотлари борасида турли фикр ва мулоҳазаларни келтириб чиқармоқда.
Шу муносабат билан, Бош прокуратура Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талабларига мувофиқ тергов органи дастлабки терговни олиб бориш вақтида жиноят ишидаги барча маълумотларни ёки унинг муайян қисмидаги маълумотларни ошкор қилинмайдиган деб эътироф этишга ҳақли эканлигини маълум қилади», – дейилади хабарда.
Бош прокуратура бу турдаги маълумотлар терговнинг сифатли, тўла ва холисона ўтказилишини таъминлаш, шунингдек жиноят изларининг йўқ қилиниши, жиноий йўл билан топилган ашёлар, воситаларнинг яширилиши, тергов органларининг ҳақиқатни аниқлаш борасидаги фаолиятига тўсқинлик қилиниши ёки тергов жараёнини қийинлаштирувчи бошқа қонунга хилоф ҳаракатлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида ошкор этилмаслигини маълум қилади.
«Бу каби ахборотларни эълон қилиш тезкор тадбирлар ва дастлабки терговга зиён етказиши, айбдор шахсларни ўз вақтида фош этиш ва ушлашга тўсқинлик қилиши мумкин», – таъкидлайди Бош прокуратура.
Мазкур жиноят иши бўйича тергов сирини ташкил қилмайдиган қўшимча ахборотлар вужудга келиши баробарида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг расмий сайтида тегишли маълумотлар чоп этиб борилиши маълум қилинади.






