2014 йилда мактаблар 106,2 миллиард сўмлик жиҳозлар билан таъминланади

ЖАМИЯТ 21.05.2014, 14:31
2014 йилда мактаблар 106,2 миллиард сўмлик жиҳозлар билан таъминланади

2014 йилда 3024 умумтаълим мактаби ва 48 болалар мусиқа ва санъат мактабини 106,2 миллиард сўмлик мебел, ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари, компьютер техникаси, спорт анжомлари ва мусиқа асбоблари билан таъминлаш кўзда тутилган.

Умумтаълим мактабларининг бошланғич синфлари чет тили кабинетларини 4193 тўплам техник воситалар ҳамда юқори синф чет тили хоналарини 1500 тўплам компьютер техникаси билан таъминлаш режалаштирилган. Айни пайтда билим масканларидаги чет тиллари хоналари учун техник воситалар, ўқув адабиётлари, луғатлар, расмлар тўплами, компьютер техникасини етказиб беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
2013/2014 ўқув йилида 392 номдаги 22,5 миллион нусха дарслик ва ўқув-методик қўлланмалар чоп этилиб, жойларга етказилди. Умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида ўқитиладиган 18 умумтаълим фани бўйича 38 умумий ўрта, 28 ўрта махсус, касб-ҳунар таълими масканларида компетенциявий ёндашувга асосланган давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурлари лойиҳаларининг тажриба-синов жараёни амалга оширилмоқда.
Жорий ўқув йилида мактаб ўқувчиларининг умумтаълим фанлари бўйича ўтказилган билимлар беллашувининг дастлабки босқичида 1,9 миллион нафар ўқувчи иштирок этгани ўғил-қизларнинг ўқишга бўлган интилиши муттасил ортаётганидан далолат беради.
Таълим сифати ва самарадорлигини янада юксалтириш, фанлар бўйича илғор тажриба, педагогик технологияларни ўқитувчиларга етказиш мақсадида олий таълим масканлари профессор-ўқитувчилари туман ва шаҳарлардаги мактабларга бириктирилиб, барча фанлар бўйича «Маҳорат мактаблари» фаолияти кенг йўлга қўйилди.

Ахборот-коммуникация технологияларини таълим жараёнига жорий этиш бўйича 194 таянч мактаб ташкил этилиб, 400 минг нафарга яқин педагог учун 72 соатлик махсус ўқув машғулотлар ўтказилди.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1