Тошкентда бадиий гимнастика бўйича жаҳон кубоги босқичи старт олди

СПОРТ 23.05.2014, 10:32
Тошкентда бадиий гимнастика бўйича жаҳон кубоги босқичи старт олди

Тошкентда бадиий гимнастика бўйича жаҳон кубоги босқичи ва “Happy Caravan” халқаро турнири бошланди

Бадиий гимнастика бўйича болалар-ўсмирлар республика ихтисослашган олимпия захиралари спорт мактабида мазкур нуфузли мусобақаларнинг тантанали очилиш маросими бўлди.

Шу кунларда спорт жамоатчилиги ва бадиий гимнастика мухлисларининг эътибори пойтахтимизга қаратилган. Халқаро гимнастика федерацияси шафелигида Ўзбекистон гимнастика федерацияси, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган бадиий гимнастика бўйича жаҳон кубоги босқичи ва “Happy Caravan” халқаро турнири яна энг кучли гимнастикачиларни мусобақага чорламоқда, дея хабар беради ЎзА.

Байрамона безатилган муҳташам  спорт саройи меҳмонлар, спортчилар ва мухлислар билан гавжум. Чорлов садолари остида майдонга жаҳон кубоги босқичи ва “Happy Caravan” халқаро турнири иштирокчилари – Ўзбекистон, Хитой, Жанубий Корея, Япония, АҚШ, Чехия, Латвия, ЖАР, Малайзия, Мексика, Россия, Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Вьетнам, Исроил, Ҳиндистон, Италия, Қозоғистон, Қирғизистон терма жамоалари кириб келади.

Бадиий гимнастика бўйича ҳудудий федерациялар ва марказлар ташкил этилгани туфайли спортнинг ушбу нафис тури билан мунтазам шуғулланаётган қизлар сафи тобора кенгайиб бормоқда. Мамлакатимизда бадиий гимнастиканинг жадал оммалашаётгани қизларимизнинг жисмонан ва маънан соғлом вояга етишига хизмат қилиши билан бирга, улар орасидан халқаро майдонларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир спортчилар етишиб чиқишида ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

– Ўзбекистонда кўплаб соҳалар сингари спортни, жумладан, болалар ва хотин-қизлар спортини ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор юксак самаралар бераётир, – дейди Халқаро гимнастика федерацияси вакили Ноҳа Абу Шабана. – Буни Тошкент шаҳрида бадиий гимнастика бўйича нуфузли халқаро мусобақалар мунтазам равишда ўтказилаётгани, Ўзбекистонда барча спорт анжуманларини юксак савияда ташкил этиш бўйича катта тажриба тўпланганида ҳам кўриш мумкин.

Тошкент шаҳрида бошланган бадиий гимнастика бўйича жаҳон кубоги босқичида дунёнинг энг кучли 80 нафарга яқин гимнастикачиси, “Happy Caravan” халқаро турнирида 40 нафардан зиёд ўсмир қизлар шахсий ва гуруҳ баҳсларида арғамчи, халқа, тўп, булава, тасмада машқ бажариш ҳамда кўпкураш бўйича ўз истеъдод ва маҳоратини намойиш этмоқда.

Мазкур нуфузли мусобақаларда Ватанимиз шарафини Жамила Раҳматова, Елизавета Назаренкова, Анора Давлатова, Нилуфар Шомуродова ва Жасмин Юсупова сингари гимнастикачиларимиз ҳимоя қилмоқда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1