1

Ўзбекистон ишбилармонлари Хитойдаги халқаро саноат ярмаркада иштирок этди

ЖАМИЯТ 26.05.2014, 10:45
Ўзбекистон ишбилармонлари Хитойдаги халқаро саноат ярмаркада иштирок этди

Хитойнинг Шаньси провинциясининг Сиан шаҳрида Халқаро саноат ярмарка бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистоннинг бир гуруҳ ишбилармонлари ҳам иштирок этди.

Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 8 августдаги қарорига асосан Ўзбекистон  Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳузурида ташкил этилган Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси бу соҳадаги ишларни янада ривожлантириш, мамлакатимиз корхоналарини экспорт фаолиятига жалб этиш, уларнинг маҳсулотларини ташқи бозорларга йўналтиришда муҳим ўрин тутмоқда. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида филиалларига эга бўлган мазкур жамғарма тадбиркорларнинг халқаро кўргазма ва ярмаркаларда иштирок этиши, чет эллик ҳамкорлар топиши ва шартномалар тузиши, хорижий давлатлар қонунчилигига мувофиқ лицензия ва сертификатлар, бошқа рухсатномалар олишида ҳуқуқий, молиявий ва ташкилий ёрдам кўрсатмоқда. Жамғарма томонидан олтмишга яқин хорижий ташкилот билан ҳамкорлик ўрнатилгани кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига ўз маҳсулотларини экспорт қилишда муҳим аҳамият касб этаётир.

Мазкур жамғарма кўмагида юртимиз ишлаб чиқарувчилари чет элларда ўтказилаётган йирик халқаро кўргазма-ярмаркаларда иштирок этиб, маҳсулотлари экспортининг жўғрофиясини кенгайтириш, харидорлар топиш ва шартномалар тузишга муваффақ бўлмоқда. Хитойда очилган Халқаро саноат ярмаркаси ҳам мамлакатимиз ишбилармонлари учун ана шундай имконият яратади.

Халқаро савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш мақсадида илк бор ташкил этилган мазкур саноат ярмаркасида Канада, Германия, Италия, Испания, Ўзбекистон, Австрия, Венгрия, Кипр, Австралия, Филиппин, Япония, Жанубий Корея, Малайзия, Сингапур, Таиланд, Иордания, Эрон, Ҳиндистон, Қозоғистон, Туркманистон каби 35 мамлакатдан компания ва концернлар, саноат корхоналари ва савдо ташкилотлари ўз маҳсулотлари ва хизматлари билан иштирок этмоқда. Сиан шаҳрининг Чюцзан халқаро кўргазмалар марказида ўтказилаётган ушбу нуфузли ярмаркада Ўзбекистон маҳсулотлари ўзига хос дизайни, рақобатбардошлиги ва кенг ассортименти билан ажралиб турибди.

Мазкур халқаро ярмаркада мамлакатимизнинг машинасозлик, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноати, қурилиш материаллари ва картон-қоғоз маҳсулотлари ишлаб чиқариш, мебелсозлик, кўнчилик, кимё саноати, сармоя ва меҳмонхона хўжалиги каби тармоқларда фаолият юритаётган етмишдан ортиқ компания ва корхоналари иштирок этмоқда. “Yagona Hamkor Nuri”, “Mumtoz Lyuks Tekstil”, “Fabrika Namuna”, “Pokizaхon”, “Shukur Toji Baraka”, “Nukus Agro”, “Farg'ona Kimyo Zavodi”, “Saxovat-Teks”, “Хorazm Gilamlari”, “Kinder Fruits”, “NBU Invest Group”, “Quva Qandolatlari”, “Vodiy Muzqaymog'i”, “Andburservis”, “Istiqlol Sanoat Medservis” каби саноат муассасалари шулар жумласидандир.

Ярмаркада мамлакатимиз тадбиркорлари томонидан намойиш этилаётган маҳсулотлар анжуман иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотмоқда. Шунингдек, чет эллик ишбилармонларга Ўзбекистондаги қулай сармоявий муҳит ҳақида маълумот берилмоқда.

Сиан халқаро саноат ярмаркаси турли мамлакатлар ишбилармонлари билан савдо-иқтисодий алоқалар ўрнатиш, истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун яхши имкониятдир. Мамлакатимиз тадбиркорлари бундан самарали фойдаланиб, ўз маҳсулот ва хизматларини экспорт қилиш бўйича келишувларга эришмоқда.

Ярмарка 26 майга қадар давом этади. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1