1

Япония 2011 йилги зилзила қурбонларини бир дақиқалик сукут билан хотирлади

ДУНЁ 12.03.2018, 09:24
Япония 2011 йилги зилзила қурбонларини бир дақиқалик сукут билан хотирлади

Япония халқи 2011 йил 11 март куни содир бўлган зилзила қурбонларини хотирлади. ТАССнинг хабар беришича, бир дақиқалик сукут бутун мамлакат бўйлаб маҳаллий вақт билан 14:46 да эълон қилинди. Айни шу вақтда бундан етти йил муқаддам 9,0 магнитудали ҳалокатли ер силкиниши содир бўлган эди. Зилзила ва у сабабли юзага келган цунами оқибатида Япониянинг 18 мингдан кўпроқ фуқароси қурбон бўлган эди.

Бу табиий офатдан айниқса мамлакатнинг шимолий-шарқий ҳудудлари энг кўп талафот кўрган. Иватэ, Мияги ва Фукусима префектураларида цунами қатор шаҳарларни вайрон қилди. Шунингдек, “Фукусима-1” Атом Электростанциясида аварияни юзага келтирди. Бу эса Японияни ядро инқирозига сабаб бўлди. Энергия таъминоти ва совитиш тизимларининг издан чиқиши оқибатида ядро ёнилғисининг алангаланиши, водороднинг портлаши ва яқин ҳудудларнинг радиоактив зарарланиши юзага келди. АЭС даги авария талафотларини бартараф этиш ишлари ҳанузгача давом этмоқда.

Фожиадан кейинги етти йил давомида шимолий-шарқий ҳудудлар деярли тўлалигича қайтадан қурилди. Лекин ҳанузгача 73 мингга яқин киши ўз шаҳрига қайта олмаяпти.

Япония ҳукумати қайта тиклаш ишларини тезлаштиришни ваъда қилмоқда. “Фукусима префектурасида кўплаб одамлар ҳали ҳам қочқин сифатида яшашга мажбур. Ҳар бир оила ўз уйига иложи борича тезроқ қайтиши учун биз минтақани қайта тиклашни тезлаштирмоқчимиз”, – деди Бош вазир Синдзо Абэ.

Бутун мамлакат бўйлаб якшанба куни хотира тадбирлари ташкил этилди. Мамлакатнинг бош телеканали бўлган NHK жамоат телерадиоканали эрталабдан бошлаб, Иватэ, Мияги ва Фукусима префектураларидан тўғридан тўғри уланишларни амалга оширди. Унда ўз бошидан фожиани ўтказган оддий япон оилаларининг кечинмалари ҳақида сўз боради.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1