Қирғизистон Республикаси ҳукуматининг Жалолобод вилоятидаги мухтор вакили Қиянбек Сотиболдиев раҳбарлигидаги меҳмонлар Косонсой туманидаги “Косонсой-авто” назорат-ўтказиш масканида вилоят раҳбарияти ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида меҳмондўстлик анъаналарига мувофиқ карнай-сурнай садолари билан кутиб олинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар қилди.
Ўзбекистон билан Қирғизистонни азалдан бой дўстона қадриятлар боғлаб туради. Бинобарин тили ва дини бир, тарихи, урф-одат ва анъаналари, маданияти муштарак бу икки қардош халқ бир ариқдан сув ичади. Қирғизистонда ўзбеклар, Ўзбекистонда қирғизлар тотувликда умргузаронлик қиляпти, қуда-андалик орқали қон-қариндошлик ришталари боғланиб кетган.

Бугунга келиб бу кўҳна қадриятларимиз сайқал топмоқда. Икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли ўзаро алоқаларимиз моҳиятан янгича шакл ва мазмун касб этмоқда. Айниқса, 2017 йилда бу борада мисли кўрилмаган ўзгаришлар юз берди. Халқларимиз манфаатлари йўлида икки томонлама муносабатлар янги босқичга кўтарилди. Ўзаро ишонч асосида мустаҳкамланаётган муносабатларимизни Қирғизистон Республикаси Президенти Сооранбой Жээнбеков илк хорижий давлат ташрифини Ўзбекистонга амалга оширгани ҳам яққол тасдиқлади.
Жалолободлик меҳмонлар Наманган шаҳридаги “Мотамсаро она” ёдгорлиги пойига гул қўйди.
Делегациянинг икки кунга мўлжалланган ташрифи доирасида ўзаро музокаралар, бизнес-форум ўтказиш, бир қатор ижтимоий ва иқтисодий объектлар билан танишиш, вилоятнинг диққатга сазовор жойлари, зиёратгоҳларига саёҳат кўзда тутилган.






