Халқ таълими вазири ўринбосари Алишер Саъдуллаев ўзининг Facebook’даги саҳифасида Самарқандда рўй берган фожиага ўз муносабатини билдирди. У ҳаммадан бўлар-бўлмас гаплар эмас, холис кўмак кутиб қолишини маълум қилган.
"Халқимиз азалдан устозларни ардоқлаб келган. Илм тарқатувчиларга берилган эътибор ва эҳтиром, Худо хоҳласа, ўз натижасини беради. Ҳар бир раҳбар мактабда ўқиган ҳамда устоз кўрган ва ишончимиз комил улар ўз устозларини ардоқлашади. Ҳали бу каби юмушларни инновация орқали енгиллаштириш ва катта ютуқларга эришиш мумкин. Бунинг учун фақат ўқитувчиларга бор имкониятни яратиб беришимиз зарур шунда ўқитувчи эмас инновация бизга ечим бўладиИқтисодимиз гуллаб-яшнайди. Юртбошимиз ҳам халқимиз ғамида тиним билганлари йўқ. Худо хоҳласа, кунлар келиб бу кунларни эслаб юрамиз. Ҳар қандай ривожланган давлат ҳам таълим орқали ривож топган. Ҳамма дўстларимиздан бўлар-бўлмас гаплар эмас, холис ёндошилган кўмак ва талқин кутиб қоламиз.Бас, етар! Ўқитувчиларни тинч қўйинг. Ҳамма ўз ишини қилсин. Парламент аъзолари, депутатлар ва бошқа давлат органлари келинглар бир меъёрий ҳужжат ишлаб чиқайлик. Миллат тақдири-ку ахир!", — деб ёзган вазир ўринбосари.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 14-март куни Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида кўча тозалаш ишларига жалб қилинган 23 ёшли Диана Енекеевани катта йўлдаги тўсиқларни оқлаш чоғида юк машинаси уриб кетгани, ўқитувчи зудлик билан шифохонага олиб борилганига қарамай вафот этгани ҳақида хабар берган эдик.






