Ким ўз касбини жонидан ортиқ кўрар экан у якшанба куни ҳам, байрам кунлари ҳам дам олишни истамайди, ҳаттоки жарима тўласа ҳам, деб хабар берди Mix.tn.kz нашри.
Франция ҳукумати бир кун ҳам тинмай ишлаган новвой Седрик Вэрвэни меҳнат қонунчилигини бузганликда айблади. Фэдрик Франциянинг шимолий-шарқий қисмида жойлашган Люзиньи-сур-барс шаҳрида яшайди. У ўтган йили новвойхона олдида жойлашган қўриқхонага кўплаб сайёҳлар ташриф буюрганлиги учун дам олмасдан ҳафтада етти кун ишлаган.

Франция қонунчилик меъёрларига кўра, кичик корхоналарга ҳафтасига олти кун ишлашга рухсат берилган. Бундай қонун қабул қилинишидан мақсад ишчиларни 35 соатдан ортиқ ишлатмаслик, уларни ҳаддан зиёд эксплуатация қилмасликдир.
Седрик Вэрвэ эса юқоридаги талабларга бўйсунмай, қонунни бузганлиги учун 3000 евро жаримага тортилди. Бироқ у мазкур жаримани тўлашдан бош тортиб, “Мен бор-йўғи вазифамни бажардим” деди.

Новвойни ҳимоя қилиш учун 2 минг киши онлайн-петиция ёзди. Шаҳар мэри Кристиан Бранле ҳам Седрикнинг тарафини олди. Унинг фикрича, бундай бемаъни қонунлар кичик тадбиркорларнинг ишга бўлган иштиёқини сўндиради.
Новвойлик соҳаси Франция ҳукумати томонидан қаттиқ назорат остига олинган. Қонунларга биноан новвойлар йилига 5 ҳафта меҳнат таътилига чиқишга мажбурдирлар. Бундан ташқари, маҳаллий маъмурият новвойларнинг иш вақтини кузатиш ҳуқуқига эга.






