Ўтган йилда Поп туманида суд қарори билан 231 та никоҳ бекор қилинган. Ваҳоланки, бу мазмундаги ишлар 2016 йилда 201 тани ташкил этган эди. Бу ноҳуш ҳолат бир йил ичида 30 тага кўпайди.
2018 йилнинг ўтган 2 ойи мобайнида барбод бўлган оилалар туманда 42 тани ташкил қилади ва ўтган йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 11 тадан ошмаган эди. Ташвишланарли жиҳати шундаки, кўрсаткичлар тобора ўсиб бормоқда.
Наманган вилояти Поп туманидаги маҳаллаларда ва оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш ҳамда аниқланган муаммоларни бартараф этишга кўмаклашиш бўйича ташкил этилган Республика ишчи гуруҳи “Чинор” маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказган сайёр ҳуқуқий тарғибот тадбирида шу ҳақида сўз юритилди, деб ёзади ЎзА.
Фуқаролик ишлари бўйича Чуст туманлараро суди судяси Иқбол Кўчкинованинг таъкидлашича, оилавий ажримларни юзага келтирувчи омиллар фақатгина эр-хотин ўртасидаги тушунмовчилик эмас, қайнона-келин муносабатларига ҳам бориб тақалмоқда.
Шунингдек, судянинг сўзларига кўра, ёшларимизда мажбуриятни ҳис қилмаслик, оилавий муносабатларга совуққонлик билан қараш, қизларнинг эрта никоҳга узатилиши, яшрин шаърий никоҳларга йўл қўйилаётгани, тўй-ҳашамларни дабдабали ва серхаж тарзда ўтказилаётгани, қимматбаҳо сарпо-суруққа ружу қўйиш, телефон орқали мулоқот маданиятининг етишмаслиги, ижтимоий тармоқларга муккасидан кетиш ва вертуал хиёнатларга йўл қўйилаётгани каби ҳолатлар ажримларнинг асосий сабаблари сифатида кўрсатилди.
Мулоқот чоғида бундай нохуш ҳолатларнинг олдини олишда маҳалла фуқаролар йиғинларидаги жамоатчилик комиссиялари фаолиятини янада кучайтириш лозимлиги айтилди.
Судя ҳар қандай ҳуқуқий муаммо бўйича аҳолига тушунтириш беришга доимо тайёрлигини билдирди. Бу мақсадда туманлараро судда ҳафтанинг иш кунларида эрталабки 9.00дан кечки 18.00гача қабуллар ишлаётганини маълум қилди.
24.03.2018 11:59
Икки ойда Поп туманида оилавий ажримлар сони 40 тадан ортган






