АсосийDunyo

Кемероводаги ёнғинда жабрланган сони 76 нафарга етди

'Кемероводаги ёнғинда жабрланган сони 76 нафарга етди'ning rasmi

Россиянинг Кемерово вилоятидаги “Зимняя вишня” савдо марказида содир бўлган ёнғиндан кейин яна 8 нафар жабрланган одам касалхонага мурожаат қилди, деб хабар берди lenta.ru нашри.

Шундай қилиб, ёнғинда жабрланганлар сони 76 нафарга етди, уларнинг 27 нафари болалардир. 14 киши куйиш жароҳатлари билан касалхонага ётқизилган. 62 нафар жабрланган одамларга амбулатор тиббий ёрдам кўрсатилган.

Россия федерацияси ФВВ нинг Кемерово вилояти бош бошқармаси бошлиғи Александр Мамонтовнинг маълумот беришича, 27 нафар жасаднинг шахси аниқланган, 4 нафар жасад қўшимча текширувлар ўтказиш учун Россия тергов қўмитасига юборилган.

Эслатиб ўтамиз, 25 март куни Кемерово вилоятининг “Зимняя вишня” савдо марказида содир бўлган ёнғин туфайли 64 киши, шу жумладан 41 нафар бола ҳалок бўлган. Терговнинг тахминига кўра, ёнғин чиқишига электр симлардаги носозлик сабаб бўлган. Беш кишига нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

    Бошқа янгиликлар