Бухоро шаҳридаги Пойи Остона кўчасида яшовчи Марҳабо Икрамованинг уйига ўғри тушди. Номаълум шахс меҳмонхонада бекитиб қўйилган умумий баҳоси 31 миллион 688 минг сўмлик турли хилдаги тилла тақинчоқлар, 1 минг 800 АҚШ доллари ҳамда 100 минг сўм миқдордаги пулни ўмариб кетади.
М.Икрамова бу ҳақда шаҳар ички ишлар бошқармасига ёзма равишда мурожаат қилиб, ёрдам сўрайди.
Осойишталик посбонлари ҳолатни ўрганиб, олиб борган суриштирув ишлари ўз самарасини беради. Ўғрининг шахси аниқланди. Ўғри Шофиркон тумани собиқ Ш.Ҳамроев номидаги маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги қишлоқлардан бирида яшовчи, 23 ёшли Меҳрулла Ғайбуллаев (исм-фамилияси ўзгартирилди) бўлиб чиқди.
Бухоро тумани Деҳча маҳалласида яшовчи Машҳура Юлдашеванинг уйига ҳам ўғри тушиб 8 миллион 120 минг сўмлик тилла тақинчоқларини ўмариб кетган.
Туман ички ишлар бўлими ходимлари томонидан олиб борилган тезкор суриштирув натижасида ўғри қўшнилардан бири 45 ёшли Умрбек Пирназаров(исм -шарифи ўзгартирилди) эканлиги маълум бўлди.
Текин бойлик васвасасига берилган кимса ўзини шармандалик жарлигига маҳкум этади. Кимдир қилган эзгу иши мукофоти яъни дуо олиб, обрў топади. Бировнинг мулкига, тилла буюмларига кўз олайтиргувчи юқорида қилмишлари тилга олинган шахсларнинг шаъни бир пул.
ЎзА хабарига кўра, юқоридаги икки ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169 -моддаси 2- қисми тегишли бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






