Бугунги кунга келиб эр-хотин ўртасидаги келишмовчиликлар сабаб ажралишлар сони ортяпти. Бундан эса аввало, вояга етмаган болалар жабр кўради. Айниқса, уларнинг қаровсиз, маблағсиз қолишлари келажагига, тарбиясига раҳна солади.
Буни бугун ижтимоий тармоқларда тезлик билан тарқалаётган салбий хабарлар орқали ҳам кузатяпмиз. Бундай ҳолатларга эса, энг аввало вояга етмаган болаларнинг маблағсиз, қаровсиз қолишлари сабаб бўляпти. Шу сабабли суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчиликда қатор ўзгариш ва янгиликлар бўлди. Хусусан, алимент тўловларини ўз вақтида ундирилиши, вояга етмаган болаларни келажагини асраш, уларнинг ҳуқуқларини поймол қилинишининг олдини олиш мақсадида қонунлар янада такомиллаштириляпти.
Вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш тўғрисидаги жавобгарлик Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 122-моддаси билан белгиланган. Унга кўра, моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига биноан ундирилиши керак бўлган маблағни жами бўлиб уч ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаса жиноий жавобгарликка тортилар эди. Шу йилнинг тўққизинчи январидан ушбу моддага ўзгартириш киритилди. Бу ўзгартириш эса вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни қонунан янада ҳимоялайди. Бу ўзгартиришга кўра, суд қарорига асосан ундирилиши керак бўлган маблағни жами бўлиб икки ой давомида тўламаслик, бу маъмурий жазо қўлланилгандан кейин содир этилган бўлса, икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша қилмиш хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса, икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Фуқароларнинг судланганлик ҳолатига тушишларини олдини олиш мақсадида енгиллаштирувчи қўшимча қисм ҳам киритилган. Унга кўра айбланувчи шахс алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни тўлиқ тўлаган бўлса, у жавобгарликдан озод қилинади.
Зоир КАМОЛОВ,
Жиноят ишлари бўйича
Мирзо Улуғбек туман суди судьяси






