АсосийJamiyat

Яйра Абдуллаева: Кўз олдимга жангчиларнинг оловли ҳайқириқлари келаверади

'Яйра Абдуллаева: Кўз олдимга жангчиларнинг оловли ҳайқириқлари келаверади'ning rasmi

Иккинчи жаҳон уруши йилларида мен ўсмир қизалоқ эдим. 14 ёшимда холам Гавҳар Раҳимова бошчилигидаги ансамблга қабул қилишган.

Биз урушда жанг қилаётган аскарлар учун концертлар, тадбирлар уюштирар эдик. Мен ҳали жуда ёш бўлганим сабабли, хор, рақс томошаларида қатнашардим. Қўлимиздан жанг қилиш келмаса-да, концертларимиз орқали аскарлар руҳини кўтаришга уринардик. Бизнинг қуролимиз ҳам, жангимиз ҳам шу эди асли. Бола нигоҳим билан уруш даҳшатини қўрганман, баҳодир жангчилар қиёфаси кўз олдимда қолган. Ҳозир ўша ансамбль аъзоларидан (улар орасида онам ҳам бор эди) фақат мен ҳаётман.

Концертларимизда жангчиларимизнинг бизга қараб ўз оиламни, опа-синглимни кўргандек бўлдим, дея меҳр билан боқадиган қиёфаларини эслайман. Уруш сўзини эшитсам, кўз олдимга аскарларимизнинг биз, албатта, ғалаба қозонамиз, деган оловли ҳайқириқлари келади...

Уруш деганда юрагим орқага тортиб кетади. Уруш бу очлик, уруш бу азоб, даҳшат.

Куни кеча Президентимизнинг 9 май умумхалқ байрами – Хотира ва қадрлаш куни ва Ғалабанинг 73 йиллиги нишонланиши муносабати билан «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги фармони ва «Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорини эшитиб, ўзимни ниҳоятда бахтли ҳис қилдим. Юртбошимизга мингдан минг раҳматлар айтаман, Ватанимиз тинчлигига кўз тегмасин, илоҳим. Ҳужжатларда айтилган пул мукофоти, санаторияларга бепул юбориш каби рағбатлар, бизга бўлган эътибордан қувондик.

Ҳозир 88 ёшдаман, 68 йилдан бери саҳнадаман. Шукрки, халқ хизматини қилиб, унинг ардоғида яшаш менга насиб қилди. Аслида меҳнат самарасини кўриш ҳам жуда катта бахт. Ҳукуматимиз, Президентимиз, меҳрибон халқимиз биз қарияларни ҳар доим иззат-ҳурмат қилади. Ҳеч бир яхши кунда унутмайди. Мен Ватанимизда фақатгина уруш шамоли тегмаган бахтли авлодлар яшашини, осмонимиз доимо мусаффо бўлишини тилайман.

    Бошқа янгиликлар