Тошкент вилояти Бўка тумани “Олтиш” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳар бири 2 сотихдан иборат 3 хонали 18 уй-жой фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда мамлакатимизда қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш, аҳоли учун ҳар томонлама қулай шароит яратиш ва намунавий лойиҳалар асосида уй-жойлар барпо этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Президентимизнинг 2016 йил 21 октябрдаги “2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида қад ростлаган ушбу уй-жойлар тумандаги “Аббос” кўп тармоқли қурилиш фирмаси қурувчилари томонидан бунёд этилди.
Тадбирда уй-жойга муҳтож, имконияти чекланган фуқароларга намунавий лойиҳалар асосида барпо этилган уйларнинг калити тантанали равишда топширилди.
Бугун Акром Сулаймонов хонадонида катта тантана. Янги уй-жойлардан бирининг калити унга топширилди.
– Барча шароити бор янги уйга кўчиб ўтганимиздан жуда хурсандман, – дейди А.Сулаймонов. – Оиламиз катта бўлгани учун битта ҳовлида сиқилиб яшаётган эдик. Янги уйга кўчиб ўтаётганимизни эшитиб, айниқса, онам хурсанд бўлди. Қўшниларимизнинг кўпчилиги ҳам ўзимиз каби ёш оилалар. Уй замонавий бўлишдан ташқари иш жойимизга, мактабга ҳам яқин. Хуллас, бахтиёр яшаш учун барча шароит муҳайё. Бундай эътибор учун Президентимиздан миннатдормиз.
Жойларда намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури амалга оширилаётгани аҳолининг турмуш шароитини янада яхшилаш, ҳудуд қиёфасини тубдан ўзгартиришга хизмат қилмоқда. Бундай эзгу ишлар давоми сифатида жорий йилда туманда яна 36 уй қурилиб, уй-жойга муҳтож фуқароларга ипотека кредити асосида тоширилиши режалаштирилган.
23.04.2018 16:10
Бўка туманида 18 оила янги уйга кўчиб ўтди
