1

Суд икки тадбиркорни оқлади

ЖАМИЯТ 04.07.2018, 11:44
Суд икки тадбиркорни оқлади

Суд оқлов ёки айблов ҳукми чиқариш билан адолатни қарор топтирувчи ягона маҳкамадир. Суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар туфайли кейинги вақтда жиноят ишлари бўйича судлар томонидан бир неча шахсларга оқлов ҳукмлари чиқарилмоқда. Айниқса, тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ жиноят ишлари бўйича оқлов ҳукмлари кўпаймоқда.

Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти суди апелляция судлов ҳайъати очиқ суд мажлисида “Rauf Aziz” хусусий корхонаси таъсисчиси ва раҳбари Авазхон Турғунбаев ва “Rauf Aziz” хусусий корхонасининг кейинги раҳбари Умиджон Иномовларга нисбатан жиноят иши кўрилиб, уларга нисбатан жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судининг 2017 йил 13 июлда чиқарган айблов ҳукми бекор қилинди.

Суднинг ҳукмига кўра, судланган А.Турғунбаев ва У.Иномовлар 2009 йил 19 январдан 2016 йил куз ойига қадар “Rauf Aziz” хусусий корхонаси ташкил этиб, ўзаро жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб, ноқонуний даромад орттириш мақсадида, расмий ҳужжатларни қалбакилаштирган ҳолда, Наманган шаҳар Давлат солиқ инспекциясининг ходими Д.Боқиева томонидан 2009 йил 24 апрелда қабул қилиб олинганини тасдиқловчи имзосини унинг номидан қалбакилаштириб, мазкур қалбаки ҳужжатни Наманган шаҳар ДСИга тақдим қилган ҳолда корхонани ягона солиқ тўловчи сифатида рўйхатга олинишига эришиб, умумбелгиланган тартибдаги солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни белгиланганига нисбатан кам миқдорда тўлаб, жуда кўп миқдордаги 650 миллион сўмдан ортиқ солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлашган.

Шунингдек, У.Иномов “Rauf Aziz” хусусий корхонаси раҳбари лавозимида ишлаб келиб, мулкий манфаат кўриш мақсадида корхонада ишлаб чиқарилган 1.682.740.000 сўмлик маҳсулотларни белгиланмаган жойларда нақд пулга сотиб, сотувдан тушган нақд пул маблағларини назорат касса машинасига кирим қилмасдан ва банк муассасасига топширмасдан, ушбу маблағларни ишчи ва ходимларга иш ҳақи сифатида тўлаб бериб, савдо қоидасини қасддан жуда кўп миқдорда бузган.

Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти суди апелляция судлов ҳайъатининг 2018 йил 19 июндаги ажримига кўра, суд ҳукми бекор қилиниб, А.Турғунбаев ва У.Иномовлар Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекси 184-моддасининг 3-қисми, 228-моддаси 2-қисмининг “а,б” бандлари ва 3-қисми билан суд муҳокамаси ўтказилган иш бўйича жиноий ҳодиса юз бермагани сабабли айбсиз деб топилиб, ЖПК 83-моддасининг 1-қисми билан реабилитация қилиниб, оқлов ҳукми чиқарилди.

Шунингдек, жиноят ишининг У.Иномовни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 189-моддаси билан айблаш ҳақидаги қисми бўйича У.Иномов ЖКнинг 70-моддасига асосан жазодан озод қилинди. Шу билан бирга, дастлабки тергов органи томонидан “Рауф Азиз” хусусий корхонаси мулкларига қўйилган тақиқ бекор қилинди.

Муқаддам, А.Турғунбаев ва У.Иномовлар жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судининг 2017 йил 13 июндаги ҳукми билан ЖКнинг юқоридаги моддалари билан айбли деб топилиб, жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят суди апелляция инстанциясининг ажрими билан суд хукми ўзгаришсиз, апелляция шикоятлари оқибатсиз қолдирилган эди.

Мазкур жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси ўринбосарини А.Турғунбаев ва У.Иномовларнинг шикоятлари ҳамда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раисининг тақдимномаси асосида ўрганилиб киритган назорат тартибидаги протести асосида Ўзбекистон Республикаси Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида кўриб чиқилиб, жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят суди апелляция инстанциясининг А.Турғунбаев ва У.Иномовларга нисбатан чиқарган ажрими бекор қилиниб, янгитдан апелляция инстанциясида кўриш учун жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судига юборилган.

- Иш бўйича барча ҳолатлар синчковлик билан, тўла ва холисона текширилиб, А.Турғунбаев ва У.Инамовлар томонидан 2009 йил 29 январдаги ягона солиқ тўловига ўтишга рухсат бериш ҳақидаги хабарномани Наманган шаҳар Давлат солиқ инспекциясига тақдим қилингани исботланиб, қонуний ҳукм чиқарилди - дейди жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг судьяси Р.Арапов. -Дарҳақиқат, айни пайтда судлар томонидан бундай оқлов ҳукмларининг чиқарилиши юртимизда кечаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари самарасидир. Зеро, қонун устуворлиги таъминланган жамиятимизда инсон, унинг шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадриятдир.

М. Сулаймонов, ЎзА

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1