Ўзбекистон Реcпуликаси Қуролли Кучлари академиясида 24—27 сентябрь кунлари NATOнинг Бирлашган кучлар қўмондонлиги штаб-квартираси мутахассислари томонидан руҳий ва ахборот амалиёти мавзусида машғулотлар бўлиб ўтди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Ўқув машғулотлари академиянинг профессор-ўқитувчилари учун ўтказилди. Тўрт кун давомида NATO Бирлашган кучлар қўмондонлиги майори Уард Мишел-Терезе, подполковниклар Рузич Дроган ҳамда Сивертсен Гуннер маъруза қилиб, мавзуга оид слайдлардан унумли фойдаланган ҳолда ўқитувчиларнинг малакасини ошириш бўйича зарурий маслаҳатлар беришди.
Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Қуролли Кучлари академияси кўплаб халқаро ташкилот ва етакчи хорижий мамлакат армияларининг таълим муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўйган бўлиб, ҳарбий кадрларнинг малакасини ошириш йўлида бу каби ўқув машғулотларини мунтазам ташкиллаштириб келади.
Маълумот учун, Қуролли Кучлар Академиясида NATOнинг «Мультимедиа бурчаги» ҳам ташкил этилган. Мазкур бурчакдан ўрин олган қўлланма ва китоблар асосан рус ва инглиз тилида бўлиб, уларда қуролли кучларни қўллаш стратегияси ва тактикасини янада такомиллаштириш, жанговар операцияларни олиб боришнинг хориж тажрибалари ҳақида батафсил маълумотлар берилган.






