Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг Махсус факультетида пойтахтлик ёшлар ўртасида “Шаҳдам қадамлар” шиори остида ҳарбий спорт фестиваль-мусобақаси бўлиб ўтди.
Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармаси, Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти, Ёшлар иттифоқининг шаҳар кенгаши, Жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси ва қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган ушбу мусобақадан кўзланган асосий мақсад ёш авлод ўртасида спортни кенгроқ тарғиб қилиш ва уларнинг интеллектуал салоҳиятини янада оширишга қаратилган.
Мусобақани Қуролли Кучлари фахрийси Талъат Муродов очиб берар экан, юртимизнинг ёш авлоддан умиди катта экани, уларнинг билими ва кучи, ғайрати ва жасорати эртанги қудратимиз ва тинчлигимизни таъминловчи асосий куч бўлишини ифтихор билан таъкидлаб ўтди.
Баҳс қатнашчилари тест саволларини ечиш, турникда тортилиш, эстафета югуриш, пневматик милтиқдан ўқ отиш, баскетбол тўпини саватга улоқтириш, 11 метрдан дарвозага тўп киритиш, арқон тортиш каби шартлар бўйича беллашишди. Иштирокчилар маҳоратини ҳакамлар билан биргаликда томошабинлар ҳам бевосита кузатиб бордилар.

Якуний натижаларга кўра, ҳарбий спорт фестиваль-мусобақасида жамоалар ўртасида фахрли 1-ўринни 5-сонли мактабнинг “Патриот” жамоаси эгаллади ҳамда диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. 2-ўрин 105-сонли мактабнинг “Қалқон” жамоасига насиб этган бўлса, 3-ўринни 272-сонли мактабнинг “Шаҳристон” жамоаси қўлга киритди.






