Ўрта Осиё ёшларининг Халқаро "Дўстликʼʼ форуми доирасидаги илмий-амалий конференцияда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети талабаси, «Ёш олимлар» Кенгаши аъзоси Нодирбек Хуррамовнинг «Жанубий Орол бўйида инқирозга учраган экосистемаларнинг ҳозирги ҳолати ва уни яхшилаш йўллари» мавзусидаги тақдимоти конференция иштирокчиларини бирдек қизиқтириб қўйди.
– Орол муаммоси Ўрта Осиё халқларининг барига тегишли деб ҳисоблайман. Бу муаммо тобора глобал аҳамият касб этмоқда. Маълумотларга қараганда, Тинч океанининг 1 литр сувида 18-24 гр туз бўлса, Орол денгизида эса бу кўрсаткич 150-300 грни ташкил этади. Бу ачинарли ҳол, албатта. Орол майдони дунёда ёпиқ берк кўллар бўйича 4-ўринда туради. Ушбу лойиҳа Ўзбекистон миллий университети, Москва давлат университети, УФА университети, ва Тошкент давлат аграр университети томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Лойиҳа орқали Оролбойи аҳолисининг яшаш тарзи ва саломатлиги яхшиланади. Фикримча, Ўрта Осиё ёшларининг барчаси Орол муаммосини ҳал этиш йўлида бирлашса, вазиятни яхшилаш мумкин. Лойиҳам билан Оролни қутқараман, асл ҳолатига қайтараман деб ваъда беролмайман. Аммо бу Оролбўйи аҳолисининг яшаш тарзини бирмунча яхшилайди, — дейди Нодирбек.
Лойиҳага кўра, ушбу муаммо юзасидан кўнгилли ёшлар гуруҳи ташкил этилади ва қардош халқлар бир мақсад – Оролни қутқариш учун ҳаракат қилади.
Ушбу муаммо бўйича қозоқ, қирғиз ёшлари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди ва конференция савол-жавоблар, турли баҳслар билан давом этди.






