Беш кун давом этган Ўрта Осиё ёшларининг Халқаро «Дўстлик» форуми Марказий Осиё халқларининг мақсадлари бир, ғоялари муштарак эканлигини яна бир бор исботлади. Ушбу қисқа вақт ичида форум иштирокчилари қадим Сурхон воҳасининг тарихи, маданияти, урф-одат ва анъаналари билан яқиндан танишиш билан биргаликда, турли конференцияларда ҳам қатнашишди.
Ўзаро мулоқот жараёнида форум аъзолари Ўрта Осиё мамлакатларида ёшларга оид давлат сиёсати қай даражада ташкил этилганлиги, ушбу сиёсатда қайси жиҳатларга кўпроқ эътибор қаратиш лозимлиги хусусида ҳам фикр алмашишди.
Форум ниҳоясида Марказий Осиё давлатлари тарихида илк бор ёшлар ўртасида меморандум имзоланди. Афғонистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон делегацияси аъзолари томонидан имзоланган 11 банддан иборат ушбу меморандумда «Дўстлик» форумини иштирокчи давлатлар ҳудудида доимий равишда ташкил этиш, шу орқали ёшлар ўртасида маданий алмашинув дастурларини йўлга қўйиш, Оролбўйи минтақасидаги экологик вазиятни яхшилаш, таълим муассасаларида робототехникани ривожлантириш, ёшлар туризмини йўлга қўйиш каби бир қатор муҳим вазифалар белгилаб берилган.
Айниқса, Термиз туманидаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази талабалари томонидан амалга оширилиши режалаштирилган «Афғонистон-бошқалар нигоҳида» деб номланган лойиҳа барча учун чинакам янгилик бўлганини эътироф этиш жоиз. Эндиликда меморандумда кўрсатиб ўтилган келишувлар юзасидан йўл харитаси ишлаб чиқилади ва уни амалиётга татбиқ этиш борасида ишлар олиб борилади.






