Руслан Чагаев 36 ёшда!

СПОРТ 20.10.2014, 11:52
Руслан Чагаев 36 ёшда!

Кеча, 19 октябрь куни Ўзбекистон бокси тарихида супероғир вазн тоифасида жаҳон чемпиони бўлган ягона ҳамюртимиз, Руслан Чагаев ўзининг 36 ёшини қарши олди. Бу ҳақда sports.uz нашри хабар беради.

1978 йил Андижонда таваллуд топган Руслан оғир вазн тоифасида ҳавас қиларли натижаларга эришди. 

1995 йилда Осиё чемпиони бўлиб термадан муқим ўрин эгаллаган Чагаев 1997 йилда, 19 ёшида кубалик енгилмас Феликс Савонни мағлуб этиб, жаҳон чемпиони бўлганидан сўнг жаҳон бокс ҳамжамиятининг назарига тушди. 2001 йилда яна бир бор жаҳон чемпиони бўлди. 

Чагаев афсонавий Савонни икки бор мағлубиятга учратган кубалик бўлмаган ягона спортчи экан. Биринчиси, жаҳон чемпионати финалида бўлса, 1999 йил Болгариядаги халқаро турнирда ҳам ҳамюртимиз кубаликни мағлуб этган. 

2001 йилда ўзининг профессионал боксдаги фаолиятини бошлаган Руслан Чагаев бу йўналишда ҳам енгилмас эканлигини исботлади. 2006 йил 18 ноябрида америкалик Жон Руисни мағлуб этиб чемпионлик учун курашадиган бўлди. 

2007 йилнинг 14 апрель куни Германиянинг Штутгарт шаҳрида WBAнинг супероғир вазн чемпионлиги учун кечган баҳсда Руслан россиялик гигант Николай Валуевни мағлубиятга учратиб, жаҳон чемпиони бўлди. 

Шундан сўнг бир неча бор ўз камарини муваффақиятли ҳимоя қилган Руслан Чагаев кейинчалик Владимир Кличко ва Александр Поветкинлардан мағлубиятга учради. Бироқ, 2014 йилнинг 6 июлида у Пуэрто-Рика вакили Фрес Окендони мағлуб этиб, WBA мунтазам чемпионлик камарини қўлга киритди. Энди Чагаев ушбу йўналишнинг суперчемпионлиги учун жангга чиқади. Унга омад тилаймиз!

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1