"Менинг фикрим" жамоавий мурожаатлар порталига фидойи ота-оналар учун фахрий кўкрак нишонини таъсис этиш ҳақидаги петиция жойлаштирилди.
"Фарзандлар эришган ютуқларнинг асосий сабаби — уларнинг тинимсиз меҳнати, устозлари ўгитлари ва билимларидан иборат бўлиб қолмай, балки ота-онанинг фарзанди орзулари йўлида чеккан заҳмати маҳсули ҳамдир. Инсон олдига тўғри мақсад қўя олиши ва шу мақсад йўлида иккиланмасдан ҳаракат қилишида, биринчи навбатда, ота-она сабабчи бўлади. Чунки ота-она каби ҳеч ким фарзандининг иқтидорини тўғри баҳолай олмайди ва билмайди", - дейилади мурожаат матнида.
Муаллифларнинг айтишича, юртимизда камол топаётган фарзандларнинг ота-оналарига бошқаларга кўрсатаётган намунаси учун давлат ва жамият томонидан ҳам ўзига хос ҳурмат-эътибор қаратилиши айни муддаодир. Шу сабаб турли соҳаларда муваффақиятли фаолият олиб бораётган, фидойи ва иқтидорли ёшларнинг ота-оналарини тақдирлаш учун махсус кўкрак нишони таъсис этиш таклиф этилмоқда.
"Ушбу кўкрак нишонининг таъсис этилиши ота-оналарнинг фарзандлар тарбиясидаги ажралмас ўрни ва ролини мустаҳкамлаб, уларни маънавий қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш имконини яратади", - дейилади петицияда.






