2019 йилнинг 3-10 январь кунлари 200 нафар 10 ёшдан 16 ёшгача бўлган болалар “Аъло таътил” лойиҳасида иштирок этиш имкониятига эга бўладилар. Илк бор ташкил этилаётган лойиҳадан асосий мақсад - бугунги кунда иқтидорли болаларни қўллаб-қувватлаш, улар учун умумий мулоқот майдонларини яратиш, болаларнинг касбга бўлган қизиқишини орттириш ҳамда таътилларини мазмунли ташкил этишдан иборатдир.
Лойиҳада Ўзбекистон бўйича 10-16 ёшдаги Республика “Билимлар беллашуви” ғолиблари, халқаро фан олимпиадалари ғолиблари, фанларни аъло баҳоларга ўзлаштирган меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари, фанларни аъло баҳоларга ўзлаштирган сардорлар кенгаши аъзолари ва сардор бўлмаган ўқувчилар ҳамда “Менинг ижод маҳсулим” болалар медиа фестивали ғолиблари иштирок этишлари мумкин.
Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ташкил этилган Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида жойлашган “Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг халқаро оромгоҳи”да илк бор 3-10 январ кунлари бўлиб ўтади.
Етти кун давомида иштирокчилар турли танловларда, тадбирларда ва спорт мусобақаларида иштирок этадилар. Шу билан бирга, улар таниқли инсонлар билан учрашиш ва мулоқот этиш, Термиз шаҳрининг ўқув юртлари ва диққатга сазовор жойларига ташриф буюриш имкониятларига эга бўладилар.