Дунёда қувончу-шодликлар бисёр. Аммо, уларнинг ҳеч бирини болажонларнинг шўх-шодон кулгулари, хурсандчиликларига тенглаштириб бўлмайди. Янги йил арафасида юртимизнинг барча жойларида байрам шодиёналари кўтаринки руҳда нишонланмоқда. Бироқ, бу кун тантаналаридан бебаҳра болажонлар ҳам йўқ эмас. Оғир хасталик сабаб болалик давру давронини, ҳаётнинг ширин завқини туйиб улгурмаган ниҳоллар касалхона деразасидан мўралаганча Янги йил шукуҳи, Қорбобо ва Қорқиз ташрифи, узоқ кутилган байрам совғаларини қумсаганча хаёлга чўмади.

Ана шундай беғубор қалбларга қувонч, хушкайфият ва умид учқунини улашиш мақсадида бугун Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши томонидан Янги йил муносабати билан Республика қон қуйиш ва илмий текшириш институтидаги оғир бемор болалар учун Қорбобо ва Қорқиз, эртак қаҳрамонлари иштирокида байрам совғалари тарқатилди. Кутилмаган байрам ташрифи 100 нафардан ортиқ болажонлар учун бир олам қувонч ҳадя этди.
Кўзмунчоқ болажонлар байрамга аталган шеърларини тўлқинланиб айтиб беришди. Бир ярим ёшдан ўн тўрт ёшгача бўлган болажонларнинг орзулари, келажакдаги мақсадлари эзгу ниятларига қулоқ тутиб, қалблар ларзага келди. Ҳаёт нашидасини, умр қадрини, соғлик неъмати ва унга шукроналик туйғуларини мана шу жажжи болакайлар ҳам ҳис қилиб улгурган. Қорбободан байрамга дардларига дармон тилаган мурғак қалблар ҳеч кимса хаста бўлмаслигини сўрашди. Уларнинг орасида келажакда учувчи, ҳарбий, шифокор, санъаткор бўлишни орзу қилганлар талайгина.

Шунингдек, байрамона ташрифлар Тошкент вилоятининг Тошкент туманида ҳам давом эттирилди. Тумандаги оғир бемор болалар, кам таъминланган оилалар фарзандлари ҳолидан хабар олиниб, уларга байрам туҳфалари тақдим этилди.
26 декабрь Республика онкология илмий марказида ҳам Янги йил айёми ташкил этилиб, даволаниш амалиётини ўтаётган болалар ҳолидан хабар олинди. Ҳар бир бола билан самимий суҳбат қилиниб, уларга байрам совғалари улашилди. Тошкент шаҳар онкология марказида ташкил этилган байрам тадбири натижасида дардига даво излаб, бир неча ойдан буён муолажа олаётган бемор болаларнинг юзига табассум югурди. Қорбобонинг совғаларини чексиз мамнуният ила қабул қилиб олган болакайлар қалбларидаги орзуларини жажжи бармоқчалари билан бирма бир санаб беришди.
Ҳозирги кунда қизим Муҳаббат Рихсибоева 15 ёшни қарши олди. У 10 ёшлигида йиқилиш оқибатида жароҳат олиб, саркома касаллиги билан оғриб қолди. Даволаниш мобайнида бир оёғи билан боғлиқ жарроҳлик амалиётини бошдан кечирди. Сўнгра, кимёвий терапия курсларини олди. Ушбу даво муолажалари ижобий натижа бериб, фарзандим ўзини тобора яхши ҳис қила бошлади. Мазкур тадбир фарзандларимизга аъло кайфият бағишлаб, уларни янада руҳлантирди. Болалар қувончи бизни ҳам, шифокорларни ҳам хушнуд этди, – дейди бемор қизнинг онаси Мушарраф Юсупова. —Ниятим, жамийки беморлар йил якунига қадар дардига шифо топиб, янги йилда ҳеч ким бетоб бўлмасин.

Бу хайрли ташаббус оғир бемор болалар ва уларнинг оилаларини ҳам руҳий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимоя қилиш, кўтаринки байрам кайфияти улашиш, эртанги кунга ишонч туйғуларини шакллантиришга хизмат қилди.
—Қўлга кирган зирапча боланинг биргина бармоғига оғриқ берса, жигарбандининг озор чекишига гувоҳ бўлаётган онанинг бағру дилини тилка пора қилади. Биз бу тадбирларимиз орқали ҳам хаста болаларга қувонч улашиш, ҳам тақдир чархпалагининг турли синовларида иродаси тобланаётган онаизорларга руҳий мадад бўлиб, маҳзун чеҳраларига севинч бағишлашга ҳаракат қилдик, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши Ёшлар бандлигини таъминлаш ва ижтимоий ҳимоя бўлими бош мутахассиси Ҳаётжон Қосимов.
Байрам тадбирлари 27 декабрь куни Тошкент вилоятининг Зангиота, Оққўрғон, Қибрай туманларида давом эттирилиб, кам таъминланган, имконияти чекланган ёшларга байрам совғалари тарқатилади.
Шаҳноза Нуруллаева






