Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртида халқаро тоифадаги гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов ҳамда халқаро тоифадаги спорт устаси Шамсиддин Воҳидов иштирокида шахмат бўйича мастер-класс дарси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Билим юрти ҳарбий хизматчилари ва уларнинг фарзандлари, курсант ва аскарлари штирок этган учрашув давомида чемпионлар билан бўлган суҳбат барчада илиқ таассурот қолдириш билан бир қаторда, йиғилганларнинг шахматга бўлган қизиқишларини янада оширди. Тадбир давомида жаҳон чемпионлари билан мусобақа ташкил этилиб, Нодирбек Абдусатторов ва Шамсиддин Вохидов бир вақтнинг ўзида ҳарбий хизматчилар, курсантлар ва болалар таркибидан иборат 10 нафар рақиб билан тезкор шахмат мусобақасида беллашдилар.

Учрашув сўнггида шахмат бўйича Ўзбекистон эркаклар терма жамоасининг бош мураббийи Саидали Юлдашев ҳамда ёш гроссмейстерлар билим юрти бошлиғи номидан ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, меҳмонлар билим юртининг «Фахрий меҳмонлар» китобига ўз дасхатини қолдирди.

Халқаро тоифадаги гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов 2018 йилнинг декабрь ойида Туркиянинг Конья шаҳрида ўсмирлар ўртасида ўтказилган Жаҳон шахмат олимпиадасида олтин медалга сазовор бўлган. Дунё бўйича энг ёш халқаро тоифадаги гроссмейстерлардан бири ҳисобланади.

Шамсиддин Воҳидов эса ўтган йили Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида шахмат бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида рапид ҳамда блитц йўналиши бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатида амалдаги жаҳон чемпиони норвегиялик халқаро гроссмейстер Магнус Карлсенни мағлубиятга учратганди.






