АсосийJamiyat

​МИБ ходими 150 доллар билан қўлга тушди

'​МИБ ходими 150 доллар билан қўлга тушди'ning rasmi

Сўнгги вақтларда эгаллаб турган хизмат мавқеи ва одам­ларнинг давлат органи ходимига бўлган ишончини суиистеъмол қилиш ҳоллари тез-тез учраб турибди. Мажбурий ижро бюроси Фарғона туман бўлими давлат инспектори лавозимида ишлаган 29 ёшли, икки нафар фарзанд­нинг отаси Умиджон Каримовни ҳам нафс балоси тинч қўймади, шекилли, хизмат мавқеидан фойдаланди...

У Фарғона тумани, “Илғор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги уйда яшов­чи С. Холматовнинг уйига боради. Унинг табиий газдан 482.928 сўм 36 тийин қарздорлигини 2.850.000 сўм эканини айтиб, 150 доллар пулини алдов билан олади. Ваҳоланки, фойдаланилган табиий газ учун тўловларни Мажбурий ижро бюроси Марғилон шаҳар бўлими давлат инспекторлари томонидан ундирилишини билган.

"ИСТЕЪМОЛЧИНИ АЛДАДИМ"

Судланувчи Умиджон КАРИМОВ судда айбига иқрор бўлган.

— Давлат инспектори сифатидаги вазифаларимга электр, табиий газ­дан фойдаланаётган истеъмолчилар томонидан тўловларни ўз вақтида тўланишини назорат қилиш, ўзимга би­риктирилган ҳудуддаги фуқароларнинг уйига ўрнатилган электр ва табиий газ ҳисоблагич кўрсатгичларини текшириб, компьютер базасига киритиш юклатил­ган. Шунингдек, фуқароларни электр ва табиий газдан ноқонуний фойдала­нишларини аниқлаш ва жойида ҳолат юзасидан далолатнома расмийлашти­риш, қарздорлиги бўлган фуқароларга қонунда белгиланган тартибда талабно­малар бериш, ўз вақтида қарздорлигини тўламаган истеъмолчиларни тармоқдан узиш ва бу ҳақда далолатномалар расмийлаштириш ва бошқа шу каби вазифалар ҳам кирган. Мажбурий ижро бюроси Фарғона тумани бўлими бошлиғининг 2018 йил 9 апрелдаги вази­фалар тақсимоти тўғрисидаги буйруғига асосан тумандаги “Хонқиз” ва “Қўриқ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудига бириктирилганман. Лекин янги ходим бўлганим, ишни яхши тушунмаганим боис иш ўрганиш мақсадида “Илғор” маҳалла фуқаролар йиғинига бирикти­рилган Мажбурий ижро бюроси Фарғона туман бўлими давлат инспектори В.Койчиев билан бирга ўзимга юклатилган вазифаларни бажариб келганман. 25 ё 26 май куни “Илғор” МФЙ ҳудудида жой­лашган намунавий лойиҳадаги уйларда вазифамни бажариб юрганимда, бир хонадоннинг электр энергиясидан қарзи борлиги ва қарздорлик тўланмай келина­ётганини аниқладим. “МИБ инспектори” программасига киритилган абонентнинг телефонига тушиб бўлмагани сабаб,

ўзимнинг рақамимдан Мажбурий ижро бюросидан эканимни айтиб, унга қўнғироқ қилишини ёзиб юбордим. Хонадон эгаси Сирожиддин менга қўнғироқ қилганида фойдаланилган электрдан 438.000 сўм қарз бўлиб қолгани ҳақида айтдим. У узоқда экани, икки кундан кейин қарзини тўлашини билдирди. С. Холматов билан 28 май куни Фарғона шаҳрида жойлашган чойхона олдида кўришдик. 440.000 сўм қарзини менга бириктирилган термо­принтердан тўловни амалга оширдим. Тўлов ҳужжатини истеъмолчига бердим. Шу пайт С. Холматов фойдаланилган табиий газдан бўлган қарздорлигини ҳам ҳисоблаб беришимни, табиий газ учун ҳам тўловларни тўлашини айтди. Аслида бу ҳудуддаги истеъмолчиларга табиий газ Марғилон шаҳридан етказиб берилган. Сарфланган табиий газнинг пулларини ундириш бевосита Мажбурий ижро бюроси Марғилон шаҳар бўлими давлат инспектори А. Рахимов томони­дан ундирилишини билардим. Бироқ истеъмолчини алдаб, тўловларни ўзим қабул қилишимни айтдим. Шу куни кечки пайт соат тўрт-бешлар чамаси С. Холма­тов ўз газ ҳисоблагич кўрсаткичларини “СМС” орқали юборди. Фойдаланилган табиий газ миқдори 9106 кубометр эка­ни, бир кубометр газнинг ўша пайтдаги нархи (289 сўм 74 тийин)дан келиб чиқиб, 2.638.372 сўм қарздорлик мав­жудлигини айтдим. С. Холматов “бундай бўлиши мумкин эмас”, деди. Эртага уйига бориб кўришимни билдирдим. 29 май соат тахминан тўртлар чамаси­да С. Холматовнинг уйига бориб, газ ҳисоблагич кўрсаткичларини кўриб, унга газдан фойдаланиши бўйича абонент дафтарчасини олиб чиқишини айтдим. Абонент дафтарчасида ҳеч қандай тўлов квитанциялари йўқлигини кўриб, газ ҳисоблагичини 9106 кўрсаткичи учун 2.638.372 сўм тўлаши кераклигини айт­дим. С. Холматов барибир ишонмади. Унга ёрдам қилишимни айтдим, шунда С. Холматов 150 долларни тўлов учун берди. Ундан пул ва абонент дафтар­часини олиб, уйидан чиқиб кетдим. С.Холматовнинг фойдаланилган газдан аслида қанча қарзи борлигини билиш мақсадида, Мажбурий ижро бюроси Марғилон шаҳар бўлими давлат инспектори А. Рахимовдан сўраганимда, 483.000 сўм қарзи борлигини айтганди. С. Холматовдан олган 150 долларнинг 50 долларини банкдан сўмга айланти­риб, истеъмолчининг фойдаланилган табиий газдан бўлган қарздорлигини тўладим. Қолган 100 долларни эгаси­га қайтармай, ўз эҳтиёжларим учун ишлатдим. С. Холматовга етказилган зарар тўлиқ қопланди. Қилган ишимдан пушаймонман.

Худоберди ХОЛИҚОВ,

Жиноят ишлари бўйича Фарғона туман суди судьяси:

— У. Каримовга Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисмининг “в” банди билан 45-модда қўлланилиб, 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Ашёвий далил тариқасида эътироф этилиб жиноят ишига қўшилган ва ҳозирда АТБ “Агробанк” Фарғона филиалида сақланаётган 100 АҚШ доллари миқдоридаги пул жабрланувчи Холматов Сирожиддин Соибджоновичга қайтарилди.

Моддий зарар тўлиқ қоплангани ва жабрланувчи С. Холматовнинг судланув­чига нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлиги эътиборга олинди.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА, журналист

    Бошқа янгиликлар