Ўзбекистон мудофаа вазирининг буйруғига кўра, вазирлик тизимидаги ҳарбий қисм ва муассасалар кутубхоналари ўртасида «Йилнинг энг яхши кутубхонаси» ҳамда «Йилнинг энг яхши кутубхоначиси» кўрик-танловлари ўтказилади. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати маълум қилди.
Ушбу танлов ҳарбий хизматчилар, Қуролли Кучлар ишчи хизматчилари ва уларнинг оила-аъзолари ўртасида китобхонлик маданиятини оширишга қаратилган устувор вазифаларни изчил амалга оширишга йўналтирилган.
Танловнинг вазифаси Мудофаа вазирлиги тизимидаги ҳарбий қисм ва муассасалар кутубхонаари орасидан энг намуналисини аниқлаш, иш тажрибаларини оммалаштириш, кутубхонанинг ҳарбий хизматчилар ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти, мутолаа маданиятини ошириш, китобхонликни тарғиб қилишда кутубхонанинг мавқеини кўтариш, кутубхоналар ўртасида соғлом рақобта муҳитини ривожлантиришдан иборат.
Танлов Мудофаа вазирлиги тизимидаги ҳарбий қисм ва муассасалар кутубхоналари ўртасида ҳар йили қуйидаги босқичда ташкил этилади:
- биринчи босқич — ҳарбий округлар ҳудудида жойлашган ҳарбий қисм ва муассаалар кутубхоналари ўртасида йилнинг июль ойида ўтказилади;
- иккинчи (финал) босқичи — биринчи босқич ғолиблари ўртасида йилнинг август ойида ўтказилади.
Танлов иштирокчиларини баҳолашда кутубхонанинг бугунги кун талабларига жавоб бериши, моддий-техник базаси, унинг фонди, янги адабиётлар, китобхонларнинг жаҳон ва ўзбек адабиёти намоёндаларининг энг сара асарларини мутолаа қилиш кўрсаткичлари каби мезонлар ҳисобга олинади.
Ғолиблар Мустақиллик куни арафасида қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади.