“2011 йил март ойида пенсияга чиқдим. Умумий иш стажим 35 йилни, шундан узлуксиз стаж 31 йилни ташкил этди. Икки нафар фарзандим бор, биринчиси 1975 йилда туғилган ва шундан сўнг менга 72 кун соғлиқни тиклаш таътили берилган. Иккинчиси 1984 йилда туғилган. Мен туғруқ таътилига деярли чиқмаганман. Туғруқдан сўнг 70 кун соғлиқни тиклаш таътили олганман. Пенсияни ҳисоблаганда менга 1 йилу 6 ой қўшишди. Қонун бўйича бола парваришлаш даври қанча бўлиши керак?”
Т.Коновалова,Бухоро вилояти
Шуҳрат ЎТАГАНОВ, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижроия аппаратининг пенсияларни тайинлаш ва фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш услубияти бўлими бошлиғи:
— “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 37-моддаси “ж” бандига мувофиқ, бола 3 ёшга тўлгунча болани парваришлаш таътилларида бўлиш вақти ҳаммасини жамлаганда кўпи билан 3 йилдир. Масалан, агар ишловчи аёллар 30 йиллик иш стажига эга бўлса, шунинг ичида умумий ҳисобда уч нафар бола парвариши учун 8 йил таътилга чиққан бўлса, унга пенсия тайинлаш учун иш стажи жами 25 йил деб белгиланади (30 йил – 8 йил+3 йил=25 йил).
Бола парвариши таътилида бўлган давр (шу жумладан, ҳақ тўланган давр) имтиёзли ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқини берувчи махсус иш стажига киритилмайди.
Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги Низомнинг 66-бандига мувофиқ, болани парваришлаш таътилида бўлиш вақти болани парваришлаш таътили берилиши ва ундан қайтиш тўғрисидаги буйруқларнинг нусхалари илова қилинган ҳолда ташкилот томонидан берилган, болага қаралган вақтни тасдиқлайдиган маълумотномалар асосида белгиланади.
Болани парваришлаш таътилида бўлиш вақти болани парваришлаш таътили берилиши ва ундан қайтиш тўғрисидаги маълумотномалар ёки буйруқлар мавжуд бўлмаганда, шунингдек, буйруқларда зарур ёзувлар бўлмаганда ёки болани парваришлаш таътилида бўлганлик даврлари тўғрисида нотўғри ва ноаниқ ёзувлар бўлганда, ушбу давр учун ойлик иш ҳақи тўғрисидаги маълумотнома болани парваришлаш таътилида бўлганлик даврининг тасдиғи сифатида қабул қилинади.
Архив томонидан тасдиқланган юқорида кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда болани парваришлаш таътилида бўлиш даври қуйидаги даврларни ташкил этади:
1 йил — 1971 йил 1 январдан 1983 йил 1 ноябргача туғилган бола учун;
1,5 йил — 1983 йил 1 ноябрдан 1990 йил 1 июлгача туғилган бола учун;
3 йил — 1990 йил 1 июлдан кейин туғилган бола учун.
Кўрсатиб ўтилган ҳолларда болани парваришлаш таътили бошланган сана сифатида ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаган сана қабул қилинади.