Мамлакатимиз олий таълим муассасаларидан саралаб олинган 57 нафар иқтидорли талабалар учун илк маротаба жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб “Ўзбекистон – сеҳрли диёр!” ички туризм лойиҳаси ташкил этилди. Бу ҳақда Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Лойиҳа доирасида талабаларга хорижий тиллар, нутқ маданияти, вокал ва хореография йўналишларида маҳаллий ва хорижлик профессор-ўқитувчилар томонидан маҳорат дарcлари ташкил этилмоқда.

Талабалар дунёқарашини янада кенгайтириш ва юртимиз тарихига оид билимларини ошириш мақсадида “Ўзбекистон – сеҳрли диёр!” шиори остида юртимиз бўйлаб саёҳат ташкил этилди.
Фаол ва ташаббускор талабалар гуруҳ мураббийлари билан биргаликда жорий йилнинг 4 апрелидан бошлаб Самарқанд (4-6 апрель), Бухоро (7-9 апрель), Хоразм (10-12 апрель) ва Фарғона (15-16 апрель) вилоятлари бўйлаб саёҳат қиладилар.
Сайёҳат якунида ҳар бир талаба қадимий обида ёки тарихий ёдгорлик мажмуаси ҳақида тақдимот тайёрлаб, ҳакамлар ҳайъатига тақдим этади. Лойиҳада фаол иштирок этган талабалар сертификат билан тақдирланади.







