АсосийJamiyat

АҚШ элчиси Дэниэл Розенблюм журналистлар билан учрашувда асосий вазифалари ҳақида сўзлади

'АҚШ элчиси Дэниэл Розенблюм журналистлар билан учрашувда асосий вазифалари ҳақида сўзлади'ning rasmi

Америка қўшма штатларининг Тошкентдаги элчихонасида АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Дэниэл Розенблюм билан мамлакат оммавий ахборот воситалари ходимларининг танишув конференцияси бўлиб ўтди.

  • Ўзбекистонда улкан ўзгаришлар, ривожланишлар бўлаётган, Ўзбекистон ҳамда Aмерика Қўшма Штатлари ўртасидаги муносабатлар энг юқори чўққисига чиққанбир даврда элчилик лавозимига тайинланганимдан мамнунман. Иш бошлаганимдан буён мамлакат расмийлари, фуқоролик жамияти вакиллари билан учрашдим. Ўзбекистон билан янада яқиндан танишиш мақсадида сиз журналистлар билан ҳам учрашашни истадим. Аввало, мендан олдин фаолият юритган элчиларга икки томонлама муносабатларни юқори чўққига олиб чиқа олишдаги хизматлари учун ўз ҳурматимни билдираман. Менинг мақсадим ҳам мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни имкон қадар юксалтиришга хизмат қилишдан иборат. Бу икки мамлакат учун ҳам фойдали бўлади, – деди элчи жаноблари.

Шундан сўнг Даниэл Розенблюм ўзининг элчи сифатидаги асосий вазифаларини беш йўналишга бўлишини таъкидлади ва улар ҳақида тўхталиб, жумладан шундай деди:

Биринчидан, Ўзбекистон билан AҚШ ўртасида хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш. Бу экстремизмга барҳам бериш, трансмиллий жиноятларга чек қўйиш, наркотик моддалар савдосини олдини олиш.

Иккинчидан, Ўзбекистоннинг иқтисодий, сиёсий ҳамда ижтимоий соҳаларда амалга ошираётган ислоҳотларини қўллаб-қувватлаш. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ривожланиш дастури ўзини оқламоқда. Буни бошқа давлатлар қатори халқаро ташкилотлар, Aмерика Қўшма Штатлари ҳам эътироф этмоқда. AҚШ бир қанча соҳаларда, жумладан, суд-ҳуқуқ соҳасида, таълим ва соғлиқни сақлаш масалаларида етарлича тажриба эга мамлакат сифатида бу борада Ўзбекистонга кўмак беришга тайёр.

Учинчидан, инсон ҳуқуқлари муҳофаза қилинишига эътибор қаратиш. Биз сўз эркинлиги, виждон эркинлиги ҳамда фуқаролик жамияти шаклланишида фикрлар хилма-хиллиги таъминланишига кўмаклашамиз. Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини таъминлаш, хусусан, мажбурий меҳнатга барҳам бериш ва виждон эркинлигини муҳофаза этишдаги саъй-ҳаракатлари таҳсинга лойиқ.

Тўртинчидан, Ўзбекистон ва Aмерика Қўшма Штатлари фуқаролари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш. Бу таълим, маданият ва илмий соҳалардаги муносабатларни яхшилашга, алоқалар мустаҳкамланишига ёрдам беради.

Масалан, август ойининг сўнгги ҳафтасида Самарқандда бўлиб ўтадиган “Шарқ тароналари” фестивалида меҳмон, томошабин сифатида қатнашамоқчиман. Унда АҚШ давлатидан ҳам миллий йўналишда ижод қилувчи мусиқий гуруҳ иштирок этади. Бу маданий соҳадаги ҳаморликларимизнинг кичик бир мисоли.

Бешинчидан, Aмерика компанияларига Ўзбекистон бозорига кириш, ўз маҳсулотлари ва хизматларини таклиф этишларига кўмаклашиш ҳамда самарали инвестициялар киритишига ҳисса қўшиш. Ўзбекистонда иқтисодиёт ривожланаётган бир пайтда, маҳаллий компаниялар қатори хорижий инвесторларга ҳам кўплаб имкониятлар яратилган. Шундай экан, биз уларни қўллаб-қувватлашимиз, имкониятлар яратиб беришимиз лозим.

АҚШ элчиси ўз нутқини тугатгач, журналистларнинг икки томонлама муносабатларга оид саволларига жавоб берди. Қизғин давра суҳбатида икки давлат ўртасида визасиз режим жорий қилиниши эҳтимоли, Америка Қўшма Штатлари Президентининг Ўзбекистонга ташриф буюриш ёки буюрмаслик масаласи, виждон эркинлиги кафолатлари мавзусида кейинги ҳафта Вашингтонда бўлиб ўтадиган вазирлар даражасидаги йиғилишда Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этиши, каби мавзулар юзасидан фикр алмашилди.

Дилфуза СОБИРОВА

    Бошқа янгиликлар