АсосийJamiyat

Яшаш — бу кураш демакдир!

'Яшаш — бу кураш демакдир!'ning rasmi

Инсон учун энг қадрли нарса нима? Ҳаёт, чунки бизнинг барча қувончларимиз, бутун бахтимиз, жамики умидларимиз фақат ҳаёт билан боғлиқдир. Агар, у ниҳоялаб қолсачи? Ҳар сонияда дунёнинг турли нуқталарида инсонлар яшаш учун курашадилар. Кимдир бу курашда мағлуб бўлса, яна кимдир ғолиб бўлади. Жиззахлик Шоҳруҳ ҳам ғолиблик учун кураш олиб бормоқда.

Ш.Холбоев 24 ёшда, аммо ёш бўлишига қарамай, у ҳаёт учун курашмоқда. Гломерулонефрит (икки томонлама буйрак етишмовчилиги) ташхиси билан оғриган Шоҳруҳ тўлақонли ҳаётга қайтишга ҳаракат қилмоқда.

Шоҳруҳ Жиззах вилоятида туғилиб улғайди. Ундан аввал, бу оғир дард билан унинг укаси оғриди, аммо унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмади. Бадандаги шишлар, бош оғриғи, кўнгил айниши ва ҳолсизлик каби шикоятлар билан шифохонага келган Шоҳруҳгагломерулонефрит ташхиси қўйилди.

Буйраклар организм учун жуда муҳим вазифани бажаради – шлакларни чиқариб юборади. Агар уларнинг иши бузилса, заҳарланиш бошланади ва салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Буйрак трансплантацияси – бу ҳаёт сифатини яхшилаш, унинг давомийлигини ошириш имкони. Донордан буйракни олиш учун лапароскопия методидан фойдаланилади. Операция кам жароҳатли, қорин соҳасида кичик кесишлар йўли билан ўтказилади, тахминан 1,5-2 соат давом этади.

Беморга донор органини ўтказиш тахминан 2-3 соат олади, умумий анестезия остида бажарилади. Буйрак тўлиқ ишлашни бошлашдан олдин бемор гемодиализ сеансларини олади. Катетер одатда уч кундан сўнг олиб ташланади. Агар соғайиш жараёни меъёрда кечса, унда 4-5 кундан кейин беморга жавоб берилади.

Бу дарддан фақат касалланган буйракни соғломига алмаштириш орқали қутулиш мумкин. Бир ўғлидан айрилган ва иккинчисининг ҳаёти ҳам хавф остида қолган она унинг яшаши, жажжи қизалоғи ҳамда оиласи бағрида бахтли ҳаёт кечириши учун ўз буйрагини беришга ҳам тайёр. Лекин мураккаб операцияни қаерда бажариш ва ким ёрдам бериши мумкин?

Бу борада унга шифокорлар тавсиясига биноан Ҳиндистонда ўтказиладиган операция ёрдам бериши мумкин. Бунинг учун эса, катта миқдорда пул зарур. Шоҳруҳнинг ота-онаси барча имкониятларини қўллаган ҳолда маблағ йиғишга киришди. Унинг операцияга қадар оладиган муолажаси учун ҳам анчагина ҳаражат қилиш лозим. Моддий кўмак сўраш мақсадида Шоҳруҳнинг отаси Б.Раҳмонқулов Ўзбекистон ёшлар иттифоқига мурожаат қилди. Вазиятни ўрганган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ва унинг қошида ташкил этилган Имконияти чекланган ёшлар ва болалар маркази томонидан оилага моддий ёрдам кўрсатилди.

Шоҳруҳ Холбоевнинг операцияси муваффақиятли ўтиб, оиласининг бағрига соғ-саломат қайтишини тилаб қоламиз.

    Бошқа янгиликлар