1

"Кушон хазинаси" – нодир топилмалар кўргазмаси

МАДАНИЯТ 23.08.2019, 12:43
"Кушон хазинаси" – нодир топилмалар кўргазмаси

«Ўзбекистон – буюк йўллар ва цивилизациялар чорраҳаси: империя, дин, маданият» маданий мерос ҳафталиги доирасида кеча Тошкентдаги Бадиий санъат галереясида иш бошлаган "Кушон хазинаси" кўргазмасида Сурхондарё вилоятининг Далварзинтепа шаҳарчасида олиб борилган археологик қазишмалар вақтида топилган “Далварзин олтинлари” жамланмаси намойиш этилмоқда. Ундаги бир-биридан чиройли, эрамиздан олдинги даврлар руҳиятини ўзида жо этган нодир ашёлар, қимматбаҳо тақинчоқлар ва маиший рўзғор буюмлари меҳмонлар эътиборини жалб қилмоқда.


1972 йилда академик Э. Ртвеладзе иштирокидаги қазишмалар чоғида археологлар гуруҳи ҳудуд тарихидаги энг йирик топилма – жами оғирлиги 36 килограмм бўлган тилла буюмлар хазинасини топишга муваффақ бўлишганди. Бу топилмалар эрамиздан олдинги 1 асрга тааллуқли эканлиги тахмин қилинган бўлиб, шу кунгача давлат фондларида сақланиб келинган. Бу нодир бойликлар мустақиллик йилларида кўргазмаларда намойиш этилмаган. Маданий меросимизга алоҳида эътибор қаратилаётган айни кунларда ушбу хазина халқимиз ва юртимиз меҳмонлари эътиборига ҳвола этилди.


Янги очилган кўргазманинг ноёб экспонатларидан бири – олтин пектораль (гривна) бўлиб, унда Геракл тасвири туширилган. Бўйинга, кўкракка тақиладиган ҳайвонлар тимсоли акс этган тилла тақинчоқлар, ажойиб олтин балдоқлар, зебигардон, узук ва зиракларда эрамизнинг IV асрида Ҳиндистоннинг шимоли ва Марказий Осиёнинг жанубида (Бақтрия, Суғдиёна) кенг тарқалган кхароштхи алфавитида битилган ёзувлар битилган. Бу ноёб экспонатларни нафақат чет эллик олимлар, сайёҳлар, балки ҳамюртларимиз ҳам катта қизиқиш билан томоша қилмоқда.


Олдин бундай кўргазмаларда нодир экспонатларни расмга туширишга рухсат берилмасди. Ушбу кўргазманинг бошқалардан фарқи қимматбаҳо буюмлар, қадимги тимсоллар акс этган ҳайкалчаларни ва сопол кўзачаларни бемалол расмга тушириш ва ижтимоий тармоқларда улашиш мумкин.
Ўзбекистоннинг музейларидаги Кушонлар давридага оид турли-туман асори атиқалар кўргазма экспозицияларида илк бор намойиш этилмоқда.

"Кушон хазинаси" кўргазмаси 10 кун давомида фаолият олиб боради. Чипталар нархи 3000 сўм бўлиб, унга ҳамюртларимиз, барча фуқаролар ўз фарзандлари билан ташриф буюришлари мумкин.

Манзура БЕКЖОНОВА

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1