Ички ишлар органлари ходимларининг малакасини ошириш бўйича жойларда сайёр ўқув йиғинлари ўтказилмоқда

ЖАМИЯТ 20.09.2019, 09:44
Ички ишлар органлари ходимларининг малакасини ошириш  бўйича  жойларда сайёр ўқув йиғинлари ўтказилмоқда

Шиддат билан ривожланиб бораётган давр талаблари барча соҳалар сингари, ички ишлар органлари ходимларидан ҳам ҳар куни ўқиб-ўрганишни, ўз устида мунтазам ишлашни, билим ва савиясини, малакасини доимо ошириб боришни тақозо қилади.

Зеро, мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси билан узвий боғлиқ бўлган «Хавфсиз шаҳар», «Хавфсиз пойтахт», «Хавфсиз туризмни таъминлаш», «Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш», «Хавфсиз хонадон» каби ўзига хос янгича концепцияларни ижтимоий ҳаётга жорий этиш, халқ билан мулоқот қилиш соҳада фаолият кўрсатаётган ҳар бир ходимдан чуқур билим ва ақл-заковатни талаб этади.

Айни кунларда ИИВ Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари томонидан Тошкент шаҳар ва Фарғона вилоятидаги туманлар ва шаҳарлар ички ишлар органларининг ташкилий бўлим (бўлинма)лар бошлиқлари, жиноят-қидирув бўлимлари тезкор вакиллари, тергов бўлинмаларининг терговчи ва суриштирувчилари, хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармалари таҳлил ва мувофиқлаштириш бўлинмалари ходимлари учун малака ошириш сайёр ўқув йиғинлари ўтказилмоқда.

Ўқув йиғинларида Давлатимиз Раҳбари томонидан илгари сурилган ички ишлар органлари фаолиятига оид долзарб вазифаларга, уларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятига, соҳага оид қабул қилинган янги норматив-ҳуқуқий ҳамда идоравий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг талаблари билан таништиришга ва улар асосида хизмат фаолияти самарадорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

– Давлатимиз Раҳбарининг ташаббуслари билан юртимизда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш ҳамда жиноятчиликка қарши курашнинг мутлақо янги – «Жиноятга қарши курашиш ҳақиқати ва адолати» деган тизимини қарор топтириш, ички ишлар органларини халқчил давлат идорасига айлантиришга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда, – дейди Институт бошлиғи, юридик фанлар доктори, профессор полковник Нуриддин Норматов. – Бунинг натижасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида сезиларли ютуқларга эришилмоқда. Энг муҳими, ҳуқуқбузарликларнинг оқибатлари билан курашиш эмас, балки барвақт олдини олиш, содир этишга имкон берган сабаб ва шарт-шароитларни ўз вақтида бартараф этиш соҳа фаолиятининг кундалик мезонига айланди.

– ИИВ Малака ошириш институти томонидан ташкил этилган навбатдаги сайёр ўқув йиғини касбий билимларимизни янада оширишга хизмат қилмоқда, – дейди Тошкент шаҳар Юнусобод тумани ИИБ Тергов бўлими катта терговчиси, майор Фарҳод Абдуллабеков. – Институт профессор-ўқитувчилари хизмат фаолиятимизга оид қабул қилинган қонун ҳужжатлари талаблари, ҳар бир ҳуқуқбузарликнинг барвақт олдини олиш ва унга қарши курашишда илмий ёндашувлар, «ҳудудлар тажрибаси» амалий мисоллар орқали тушунтириб беришмоқда.

Ўқув йиғинида аҳоли билан мулоқот қилиш маданиятини, маҳаллаларда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишда давлат ва жамоат ташкилотлари, кенг жамоатчилик билан ҳамкорлик қилиш механизмларини соҳа ходимларига етказишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

– Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари томонидан дарсларнинг замонавий педагогик технологиялар ва ўқитишнинг интерфаол усулларидан фойдаланган ҳолда ўтказилаётганлиги машғулотларнинг қизиқарли ўтишини таъминламоқда, – дейди Фарғона вилояти Қувасой шаҳар ИИБ Ташкилий бўлим бошлиғи, подполковник Сатторали Гаиназаров. – Эндиликда олдимизда турган асосий вазифа назария ва амалиётнинг уйғунлигини таъминлаш, олган билимларимизни фаолиятимизга тадбиқ этиш ҳисобланади. Албатта, мазкур ўқув йиғинлари хизмат фаолиятимизни самарали ташкил этишга хизмат қилади.

Шунингдек, Институт профессор-ўқитувчилари жойларда ўтказилаётган сайёр ўқув йиғинлари доирасида таълим муассасаларида маънавий-маърифий учрашувлар ва ҳуқуқий тарғибот тадбирларини ҳам уюштиришмоқда.

Хусусан, Ички ишлар вазирлигига қарашли Фарғона академик лицейи ҳамда Тошкент шаҳар Учтепа тумани 283–сонли умумтаълим мактабида ўтказилган маънавий-маърифий тадбир «Ёшларда юксак маънавият ва қонун устуворлиги асосида яшаш, эл-юртга садоқат, адолат, ҳалоллик ва жасорат фазилатларини камол топтириш» мавзусига бағишланди.

Ушбу тадбирларда ёшларга адолат, одиллик, ҳалоллик, садоқат, сўз ва амал бирлиги, халққа хизмат қилиш каби эзгу тушунчаларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти тушунтириб берилмоқда. Айни пайтда, китобхонлик маданиятини юксалтириш масалаларига урғу берилмоқда.

– Бугун ИИВ Малака ошириш институтининг профессор-ўқитувчилари томонидан ўтказилган учрашув бизлар учун катта сабоқ бўлди, – дейди Фарғона академик лицейнинг 3-босқич ўқувчиси Гулшода Абдуллаева. – Биз ёшларга яратиб берилаётган шарт-шароитлардан унумли фойдаланиш, Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та ташаббус ҳамда китобга меҳр қўйишнинг аҳамияти ҳақида тушунчалар берилганлиги биз учун муҳим йўл-йўриқ бўлди. Мазкур тадбирда билдирилган фикрлар, тавсиялар биз ёшларни ўз устимизда мунтазам ишлашга, интилишга ва изланишга чорлайди. Айниқса ўтказилган «Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси» мавзусидаги викторина биз бўлғуси ҳуқуқ тартиботчилар учун дастлабки синов бўлди, – десак муболаға бўлмайди. Бахс-музокарага бой бўлган мазкур викторина орқали ҳуқуқий билимларимизни яна бир бор мустаҳкамлаб олдик.

– ИИВ Малака ошириш институти мутахассислари томонидан мактабимизда ўтказилган тадбир тенгдошларим қатори менда ҳам катта таассурот қолдирди, – дейди Тошкент шаҳар Учтепа тумани 283–сонли умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Нурилло Чориев. – Унда биз ёшларга тинчликни қадрига етишимиз, тинчликни сақлашда нима ишлар қилишимиз зарурлиги аниқ мисоллар билан тушунтирилди ҳамда ўтказилган викторинада берилган саволлар ҳам қизиқарли бўлди. Бундай тадбирларнинг тез-тез ўтказилиши билимларимизни, айниқса ҳуқуқий билимларимизни оширишга хизмат қилади.

Институт профессор-ўқитувчилари томонидан жойларда сайёр ўқув йиғинлари, академик лицейлар ва умумтаълим мактабларида тарғибот тадбирлари ва маънавий-маърифий учрашувлар жойларда давом этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Малака ошириш институти матбуот хизмати

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1